Тошкент шаҳар ҳокимлиги Хитойнинг CSCEC (China State Construction Engineering Corporation) корпорацияси билан Ўзбекистон пойтахтида қатор йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартномалар имзолади. Сармоя миқдори қарийб 1 миллиард долларни ташкил этади, дея хабар беради пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Учрашув Тошкентда бўлиб ўтди, CSCEC делегациясига корпорация бўлими бош директори Лю Дун бошчилик қилди. Томонлар қуйидаги лойиҳалар бўйича келишиб олдилар:
👉 Тошкент шаҳри йўл инфратузилмасини реконструкция ва модернизация қилиш. Инвестициялар ҳажми 300 миллион долларни ташкил этади. Ишга 200 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этиш режалаштирилган;
👉 йўл қурилиши ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида лойиҳалаш ва кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма корхона ташкил этиш. Лойиҳа 20 дан ортиқ иш ўрни яратиш имконини беради;
👉 259 миллион долларлик кўприкларни лойиҳалаш ва қуриш. Бу 160 та янги иш ўрнини яратади ва Ўзбекистон пойтахтида тирбандлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради;
👉 қиймати қарийб 440 миллион долларлик йирик турар-жой мажмуаси қурилиши лойиҳа доирасида нафақат турар-жой бинолари, балки бизнес марказлари, савдо майдончалари, таълим муассасалари қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Келишувни Тошкент ҳокимлиги, CSCEC ва «Ташкент Инвест» компанияси вакиллари имзолади.
ℹ️ China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) Хитойнинг энг йирик қурилиш компанияси бўлиб, Fortune Global 500 маълумотларига кўра дунёдаги энг йирик ўнта компаниядан бири ҳисобланади. У 100 дан ортиқ мамлакатларда лойиҳаларни амалга оширади. Компания 6000 дан ортиқ йирик лойиҳаларни амалга оширда, жумладан осмонўпар бинолар, аэропортлар ва миллий инфратузилма мажмуаларини қуришда иштирок этган.
2023 йили CSCECнинг умумий даромади 300 миллиард доллардан ошган ва соф даромади 16,7 миллиард долларни ташкил этган, бу миқдор ўтган йилга нисбатан 5 фоизга ўсган. Халқаро шартномалар 51 миллиард доллар даромад келтирган, компания активлари 500 миллиард долларга етган, буюртмалар портфели эса 1 триллион доллардан ошган.