Ўзбекистонда фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг шу йил 23 сентябрдаги фармони билан қабул қилинган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш вазифалари ҳам белгиланган. Шунга мувофиқ, бундай болаларни тарбияга бериш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Жумладан, болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.
Болалар уйларида «Оналар маскани» ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик кўникмалари ўргатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади.
Бу каби хизматларни ташкил килишда нодавлат ташкилотлари ҳам кенг жалб қилинади. Оғир ҳаётий вазиятга тушган болалар тарбияга берилгунига қадар «Инсон» маркази томонидан оилавий болалар уйига жойлаштирилади. Тарбияга бериладиган болалар учун индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.
Етим болаларни аниқлаш, уларни тарбияга олиш истагини билдирган шахслар маълумоти «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилади.
«Инсон» марказлари болаларнинг қонуний вакили этиб белгиланади ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, бу марказлар тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитини, ёрдамларнинг мақсадли ишлатилишини ва тарбияга олган шахслар мажбуриятларини мониторинг қилиб боради.
Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида белгиланади. Тутинган оилаларда тарбияланаётган болаларга умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни тугатгунича яшаш ва парваришлаш харажатлари тўланади.
ℹ️ 2024 йил 1 январдан бошлаб болалар уйлари, меҳрибонлик уйлари, болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ҳамда оилавий болалар уйлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилди. Шу пайтга қадар Болалар уйлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида, Меҳрибонлик уйлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида, Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ҳамда оилавий болалар уйлари эса маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида бўлган. 2021 йил август ойида Президент қарори билан ушбу муассасаларнинг барчаси Миллий гвардияга бириктирилган эди.
Миллий гвардиянинг саъй-ҳаракатлари билан 2023 йил августига қадар Ўзбекистонда 14 та Меҳрибонлик уйи, тўртта болалар шаҳарчаси ва бешта болалар уйи тугатилди. Уларда истиқомат қилган болалар ота-оналари ва яқин қариндошларига қайтарилган, асраб олинган, васийлик, ҳомийлик ёки оилавий меҳрибонлик уйларига топширилган.
2023 йил кузига келиб Ўзбекистонда иккита Меҳрибонлик уйи қолган бўлиб, уларда 255 нафар бола тарбияланган, шунингдек 138 нафар меҳрибонлик уйи (744 нафар бола) ва 13 нафар чақалоқлар уйи (531 нафар) мавжуд эди.