Қозоғистонда хотинини калтаклаганликда судланган собиқ ҳокимнинг жазоси енгиллаштирилди

Ринат Ибрагимов. Атирау вилояти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистоннинг Атирау шаҳри №2 суди Макат туманининг собиқ ҳокими Ринат Ибрагимовнинг собиқ хотинини калтаклагани борасида чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқди, деб хабар беради «Ак Жайык» нашри.

Илгари белгиланган икки йиллик эркинликни чеклаш муддати жарима билан алмаштирилди. Дастлаб, иш Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 107-моддаси 2-қисми 3-банди — жиноятчига моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан қасддан соғликка ўртача оғирликда зарар етказиш бўйича кўриб чиқилганди. Бироқ, апелляция суди жабрланувчининг маҳкумга моддий қарам эканини тасдиқловчи далиллар келтиролмаганини ҳисобга олиб, ушбу модданинг биринчи қисмини қайта таснифлади.

Шунингдек, судда аёлнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва унинг ҳисоб рақамига пул ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган.

Янги ҳукмга кўра, Ринат Ибрагимов 2,4 миллион тенге (4,9 минг доллар) миқдорида жаримага тортилди.

Маҳкумнинг собиқ рафиқаси Акмарал Умбеткалиева ўтган баҳорда видеомурожаат ёзиб, унда Ибрагимов 11 йиллик турмуши давомида уни мунтазам равишда калтаклаб келгани, кейин болаларини олиб қўйганини айтган. Иброҳимов айбловларни рад этиб, уларни туҳмат деб атаган. Унга нисбатан ички текширув ишлари бошланган ва бир неча кундан кейин у ишдан кетган.

Мазкур иш бўйича суд жараёни жорий йилнинг 19 июнь куни бўлиб ўтган. Тергов жараёнида аниқланишича, ўтган йил 31 май куни Ибрагимов ўзаро жанжал оқибатида Умбеткалиеванинг чап сон қисмига бир неча марта тепиб, умуртқа суягини синдириб ташлаган. Прокурор судланувчига икки йил минимал режимли колонияда ўташни сўраган, бироқ суд ўшанда унга шартли жазо тайинлаган.

Қайд этилишича, эркак жабрланувчига товон сифатида 2 миллион тенге (4 минг доллардан ортиқ) тўлашга мажбурланган. Шу билан бирга, жабрланувчи каттароқ миқдорда пул талаб қилмоқчи эканини айтган.

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев апрель ойида қонунга аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигига оид тузатишлар киритилишини имзолаганидан сўнг, республикада оиладаги зўравонлик масаласи кенг муҳокама қилина бошланди. Ушбу ҳужжат, жумладан, инсонни калтаклаш ва соғлиғига енгил зарар етказганлик учун жиноий жазо, шунингдек, вояга етмаганларни ҳақорат қилганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди