Тўқаев яна бир бор Назарбоев хизматларини «унутмасликка» чақирди

tengrinews.kz сайти архив фотосурати

Республика куни муносабати билан давлат мукофотларини топшириш тантанали маросимида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ушбу лавозимда ўзидан олдинги президент Нурсултон Назарбоевни тилга олиб, унинг хизматларини унутмасликка чақирди. Оқўрда матбуот хизмати президент сўзларидан иқтибос келтиради.

«Мамлакат учун ушбу асосий байрамда биз биринчи президент Нурсултон Абишевич Назарбоев хизматларини ҳам қайд этишимиз лозим. У ҳозирги қозоқ давлатчилиги шаклланишида ҳал қилувчи тарихий ролни ўйнади. Унинг хизматларини унутмаслик керак. Бу бизнинг келажагимиз учун жуда муҳим. Қозоқлар: «Жақсының жақсылығын айт» («Яхшининг яхшилигин айт») дейишади. Бугунги кун адолатли баҳоланиши учун ўтмишга ҳам адолатли баҳо бериш керак», — деди Тўқаев.

У фуқароларни тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурадиган Адолатли Қозоғистонни биргаликда барпо этишга чақирди. «Одамлар барча соҳаларда адолатни кутмоқда. Бунинг учун ҳар ким, аввало, ўзидан бошлаши керак. Шунда жамият ҳам, бутун давлат тизими ҳам адолатли бўлади», — дея қўшимча қилди президент.

Январдаги қонли воқеалардан сўнг Президент Тўқаев оиласи жамият назаридан четга қолган ва ўзи жамоат ҳаётидан деярли ғойиб бўлган Назарбоевни камдан-кам тилга олганди. Тўполонлардан бир ой ўтиб, ижтимоий тармоқларда Назарбоев ҳақидаги салбий баёнотларга изоҳ бераркан, Тўқаев унинг хизматларини унутмаслик кераклиги ҳақидаги бугунги баёнотини деярли тўлиқ такрорлаганди.

«Бу тарихга нисбатан ҳурматсизлик бўларди. Нурсултон Назарбоев давлатчилигимиз асосларини яратиб, мамлакатни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди. Биз унинг фаолиятига холис баҳо беришга мажбурмиз. Агар Биринчи Президентнинг камчиликлари бўлган бўлса, уларни ёш раҳбарлар учун тарбия сифатида қабул қилиш лозим», — деганди ўшанда Тўқаев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди