Қозоғистон фуқароси теракт содир этишга уринганликда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди

Терактга тайёргарлик кўрганликда гумонланган шахснинг қўлга олиниши. www.gov.kz сайти фотосурати

Ақтау (Ғарбий Қозоғистондаги шаҳар) шаҳрида яшовчи шахс теракт содир этишга уриниш ва терроризмни тарғиб қилганликда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради республика Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) матбуот хизмати.

Ақтау шаҳар суди тегишли ҳукм чиқарди, у қонуний кучга кирган.

Аниқланишича, фуқаро терактни амалга ошириш учун қўлбола портловчи мослама ясаш учун зарур бўлган ашёлар, жумладан, вайрон қилувчи элементлар – болт ва михларни сотиб олган, дейилади хабарда.

Маҳкум ҳужум нишони сифатида Мангистау вилоятидаги давлат муассасалари биноларини танлаган, аввалроқ бу ҳудудни фото ва видеога олиш орқали ўрганган.

Ақтауда теракт тайёрлашда гумон қилинган шахснинг ҳибсга олингани шу йилнинг апрель ойида маълум бўлганди. Шундан сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси қўлга олинган шахс радикал диний ғоялар тарафдори экани ва у муқаддам қотилликда айбланиб судланганини маълум қилган.

Ёзда МХҚ раиси Эрмек Сагимбаев «КазИнформ»га берган интервьюсида бу иш ҳақида гапириб берганди. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи чет эллик жангариларнинг интернетдаги тарғиботи таъсирига тушиб қолган.

«У қўлбола портловчи мослама ясаш учун бутловчи қисмлар, жумладан, ёнувчи ва бошқа кимёвий аралашмалар, шунингдек, вайрон қилувчи элементлар – болт ва михларни сотиб олган. Унинг уйи тинтув қилинганда тайёр портловчи моддалар солинган тўртта контейнер ва терактга тайёргарлик кўрганлик фактини тасдиқловчи бошқа далиллар топилди ва олиб қўйилди», — дейди Сагимбаев.

Ўшанда у Қозоғистон МХҚ ходимлари жорий йили бошқа давлат ҳудудидаги навбатдаги терактнинг олдини олгани ҳақида хабар берганди.

2023 йил баҳорида Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Ермек Сагимбаев президент Қосим-Жомарт Тўқаевга МХҚ ходимлари бир нечта террорчилик жиноятларининг, жумладан, одамлар гавжум жойлардан бирида қўлбола портловчи қурилма ёрдамида режалаштирилган теракт олди олингани ҳақида ҳисобот берганди. Мазкур фактлар асосида 19 киши ҳибсга олинган. Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари терактга айнан қаерда тайёргарлик кўрилганига аниқлик киритмаган.

2022 йили Қозоғистонда учта теракт олди олинган. Террорчилик ва экстремистик жиноятларни содир этганликда жами 56 нафар шахс судланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди