Тўқаев яна бир бор жанг майдонида Россияни енгиб бўлмаслигини таъкидлади

t.me/aqorda_resmi фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сўнгги бир ой ичида иккинчи бор Россия-Украина можаросига изоҳ бераркан, Россияни жанг майдонида мағлуб этиб бўлмаслигини айтди. Бу сафар Қозоғистон раҳбари Astana Think Tank Forum ялпи мажлисидаги нутқида шу мавзуни кўтарди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

«Канцлер Шольц билан музокаралар чоғида айтганимдек, Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмасдир. Бу Россиянинг ҳарбий салоҳияти, ушбу мамлакат аҳолисининг Президент Путин сиёсатини қўллаб-қувватлаши ва тарихнинг ўзи томонидан тасдиқланган ҳақиқатдир. Шунинг учун биз тинч йўл билан ҳал этиш вариантларини излаш ва барча давлатларнинг, жумладан, Хитой ва Бразилиянинг реал режаларини қўллаб-қувватлашни зарур деб ҳисоблаймиз. Бошқа йўл йўқ», — деди Тўқаев.

Муқобил вариант, унинг сўзларига кўра, «ўзаро қирғинбарот урушидир».

«Балки баъзи дунё кучлари бундан манфаатдордир, аммо бу тубсизликка олиб борадиган йўлдир. Конструктив музокаралар орқали тинчликка эришиш заифлик белгиси эмас, балки стратегик мулоҳазакорликдир, – деди президент.

Қосим-Жомарт Тўқаев сентябрь ойида Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан Остонада учрашганди. Ўшанда Қозоғистон раҳбари Россия-Украина можаросининг янада кескинлашуви «бутун инсоният учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишини» айтиб, тинчликка эришиш учун турли давлатлар ташаббусларини кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаганди.

Ўтган йили Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан ўтказган матбуот анжуманида ҳам Тўқаев Украинада ўт очишни тўхтатишга умид билдирган ва унинг мамлакати бу мақсадга эришиш учун ўз ҳиссасини қўшишини айтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди