Тўқаев матбуот котиби: Қозоғистон ҳозирча БРИКСга ариза топширишдан тийилади

Оқўрда матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон ҳукумати ҳозирча БРИКСга қўшилиш учун ариза топширишдан тийилади. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Берик Уали Tengrinews.kz га берган интервьюсида маълум қилди.

«Президент номига Қозоғистоннинг БРИКСга қўшилиши бўйича таклифлар бўлди. Зеро, мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятнинг масъулиятли ва нуфузли аъзоси сифатида эътироф этилган.

Бу таклифлар давлат раҳбари томонидан диққат билан кўриб чиқилиб, унинг топшириғига кўра тегишли идоралар томонидан Қозоғистоннинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда ва, эҳтимол, яқин келажакда Қозоғистон БРИКСга, шу жумладан аъзолик масаласини кўриб чиқишнинг кўп босқичли жараёнини, шунингдек, мазкур уюшманинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳисобга олган ҳолда ариза беришдан тийилади», — деди Уали.

Шу билан бирга, у республика БРИКС эволюциясини қизиқиш билан кузатаётганини, шунингдек, уюшмага аъзо давлатлар раҳбарларининг «бирор давлат гегемонлиги» дан холи адолатли ва демократик дунё тартибини барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Матбуот котибиниг сўзларига кўра, Тўқаев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нинг универсал ва муқобил бўлмаган ташкилот экани, унда барча долзарб халқаро муаммоларни, жумладан, адолатли жамият қуриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши мумкин ва лозимлигини бир неча бор таъкидлаган.

Уали таъкидлашича, Тўқаев «БМТ камчиликлардан холи эмаслиги, лекин бошқа бундай ташкилот йўқлиги, шунинг учун у жаҳон ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлашига муҳтож экани»ни айтган. Шу билан бирга, БМТ Низоми халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлиши керак, ҳеч ким ушбу асосий ҳужжатда белгиланган тамойилларни бузишга ҳақли эмас.

«Президент БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳим қарорларни қабул қилолмаётганидан афсусда эканини билдиради. Шу боис, у БМТ Хавфсизлик Кенгаши ислоҳотини БМТга аъзо давлатларнинг кенг кўламли маслаҳатлашувлари асосида, «ўрта кучлар» манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бошлаш зарур деб ҳисоблайди», — дея аниқлик киритади Уали.

БРИКС (BRICS) — тўққиз давлатдан иборат уюшма: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, БАА, Эрон, Миср ва Эфиопия. Ташкилот 2006 йил июнь ойида ташкил этилган. Блокнинг сўнгги кенгайиши 2024 йил 1 январда содир бўлди. Аргентина ҳам БРИКСга қўшилиш ниятида бўлган, бироқ охирги лаҳзада у ўз қароридан қайтган. 2024 йили Россия уюшмага раислик қилади.

22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида БРИКС саммити бўлиб ўтади, унга Қозоғистон президенти меҳмон сифатида таклиф этилган. Берик Уалининг сўзларига кўра, Қосим-Жомарт Тўқаев 24 октабрь куни уюшманинг «аутрич» форматидаги кенгайтирилган йиғилишда нутқ сўзламоқчи.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди