Қозоғистоннинг Талгар шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосари ўн олти яшар йигит ўлимидан сўнг ишдан бўшатилди

kursiv.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Талгар шаҳар ҳокими Бахит Куришбеков 16 ёшли маҳаллий фуқаро Шерзат Болатнинг ўлдирилиши ортидан ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Талгар тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шаҳар ҳокими ўз вазифаларини лозим даражада бажармагани учун ишдан бўшатилган. Унинг ўринбосари Матан Сағиндиқ ҳам ўз лавозимидан кетди. «Ҳозирда ҳокимликнинг бошқа ходимлари жавобгарлиги кўриб чиқилмоқда», — дея қўшимча қилади матбуот хизмати.

Хабар берилганидек, 4 октябрь кечаси бир гуруҳ шахслар 16 ёшли Шерзат Болатни қариндошлари кўз ўнгида шафқатсизларча калтаклаб, кейин ўлдирган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.

7 октябрь куни ўсмирнинг қариндошлари Талгарда йиғилиб, суд жараёни очиқ ва шаффоф ўтказилишини талаб қилган, деб хабар беради Vlast.kz. Марҳумнинг отаси ўшанда иш чўзилаётганини айтган, шундан сўнг полиция дастлабки қўлга олинган шахслар ҳақида хабар берган.

12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарга патруллик қила бошлаган.

Телеграм каналларида кузатув камераларидан олинган видеосдан парчалар эълон қилинган, уларни кўрган одамда можарони марҳум ўсмирнинг отаси бошлагани ҳақида таассурот пайдо бўлади. Боланинг отаси мазкур видеони оиласига қарши ахборот ҳужуми деб атаган.

У «ҳеч кимнинг қонини тўкмаганини ва йигитлардан урушни тўхтатишни сўраганини» таъкидлаган. У, шунингдек, президент Қосим-Жомарт Тўқаевдан «қариндошларини Олмаотадан эсон-омон олиб чиқишга» ёрдам беришини сўраган.

15 октябрь куни Ички ишлар вазирлигида брифинг бўлиб ўтди, унда шов-шувли жиноят тергови қандай бораётгани ҳақида маълумот берилди. Вазирлик маълумотларига кўра, шу кунгача 10 киши ҳибсга олинган, яна бир неча киши «жиноят иши орбитасида». Ҳибсга олинганларнинг баъзилари муқаддам судланган. Бундан ташқари, жиноятни кўрган ва полицияга хабар бермаган шахсларга нисбатан «хабар бермаслик» моддаси бўйича иш очилган.

Кузатув камераси видеоси тарқатилиши юзасидан ҳам иш очилган. Жабрланувчиларнинг дўқ-пўписа бўлаётганига оид иддаолари ортидан яна бир тергов давом этмоқда.

Бир қатор ОАВ аввалроқ ўсмир ўлдирилиши ортида шаҳарда фаолият юритаётган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари турган бўлиши мумкинлигини ёзган эди. Ўтган ҳафтагача Олмаота вилояти полициясини бошқарган ва ҳозирда Ички ишлар вазирлигининг биринчи ўринбосари Бауиржан Аленов ҳамон Талгарда уюшган жиноий гуруҳ фаолият юритишини рад этади, зеро у «рўйхатга олинмаган».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди