Ватикан кутубхонаси архивларини ўрганиш учун WOSCU шарқшунос олимлари жалб қилинади

Мауро Мантовани (чапда) ва Сандро Тети. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Ватикан Апостол кутубхонаси префекти (Бош директори) Мауро Мантовани Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан яқин ҳамкорликни ёқлаб чиқди ва жамият шарқшуносларини дунёдаги ноёб кутубхона архивини ўрганишга жалб этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда WOSCU матбуот хизмати хабар берди.

WOSCU аъзоси ва Италиянинг Sandro Teti Editore нашриёти президенти Сандро Тети Ватикан Апостол кутубхонаси префекти Мауро Мантовани билан учрашди. У WOSCU раҳбарияти номидан Мантованига «Камолиддин Беҳзод: Манини уялтирган зод» китоб-альбомини совға қилди ва «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси фаолияти ҳақида гапириб берди.

Ўз навбатида, Мантовани яқин келажакда шартнома тузиш ниятида эканини маълум қилди, унга кўра Бутунжаҳон жамиятининг профессионал шарқшуносларидан бири кутубхонанинг қадимий қўлёзмалар сақланадиган махсус бўлими билан танишиши мумкин бўлади. Яқин келажакда ишчи алоқалар ўрнатилади.

ℹ️Ватикан Апостол кутубхонаси XV асрда Рим папаси Сикст XV томонидан асос солинган. Унда Ўрта асрлар ва Уйғониш даврига оид бой қўлёзма асарлар сақланади. Кутубхона фондлари доимий равишда тўлдирилиб борилади. Айни пайтда кутубхонада камида 1,6 миллион босма китоб, 150 минг қўлёзма, 100 минг гравюра ва географик хариталар, шунингдек, 300 минг танга ва медаллар мавжуд. Кутубхона таркибига Ватикан кутубхоначилар мактаби ва реставрация ва факсимиле лабораторияси ҳам киради.

ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 2016 йили Фирдавс Абдухолиқов ташаббуси, Eriell Group нефть-сервис компанияси ҳомийлиги ва Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган.

Жамият томонидан бугунга қадар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» эксклюзив халқаро туркумининг 70 жилди, «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси», «Ўзбекистон маданияти ва фани олимлар асарларида» туркумларининг бир қатор жилдлари нашр этилди, 60 дан ортиқ фильмлар суратга олинди, мамлакат ичида ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилди. Ҳозиргача лойиҳа 40 мамлакатдан 400 нафар олимни бирлаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди