Қарағанда вилоятидаги «Казахмыс» конида икки ишчи ҳалок бўлди

kazakhmys.kz сайти фотосурати

Қарағанда вилоятидаги «Саяк-3» конида углерод оксиди чиқиши оқибатида икки ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда конга эгалик қилувчи «Казахмыс» гуруҳи матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳодиса ҳолатлари ва сабаблари аниқланмоқда, уни тергов қилиш учун махсус комиссия тузилди. «Казахмыс» компанияси раҳбарияти ва жамоаси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Уларнинг оилаларига барча зарур ёрдам кўрсатилади», — дейилади хабарда.

«Казахмыс» воқеа оқибатида жароҳатланганлар сонига аниқлик киритмаган ҳолда, уларнинг шифохоналарга юборилганини қайд этади. Айни пайтда Қарағанда вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Kazinform агентлигига учинчи кончи қаттиқ заҳарлангани ҳақида хабар берди. Ҳозирда у Балхаш шаҳридаги касалхонада.

«Kursiv.kz» хабарига кўра, вилоят полицияси ишчиларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатган. Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (Тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш) билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўз навбатида, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги меҳнат инспекцияси бўлими ҳодисани текшириш бўйича комиссия тузилганини маълум қилди. Унга Қарағанда вилояти бўйича бош меҳнат инспектори раҳбарлик қилади.

egov.kz маълумотларига кўра, «Корпорация Казахмыс» МЧЖ компаниясининг эгаси Kazakhmys Copper бўлиб, унинг 100% акциялари Голландиянинг KCC B.V холдинги томонидан назорат қилинади. KASEда эълон қилинган ҳисоботларга кўра, KCC B.V. нинг якуний бенефициари Владимир Ким бўлиб, у компаниянинг 70% акцияларга эгалик қилади, қолган 30% корпорация бошқарувининг собиқ раиси Эдуард Огайга тегишли.

Қозоғистонда тоғ-кон саноати корхоналарида авариялар тез-тез содир бўлиб туради ва одамлар қурбон бўлади. Ўтган йил ноябрь ойида «Казахмыс» компаниясига тегишли Жамбил вилоятидаги «Жайсан» конида юз берган авария натижасида икки кончи ҳалок бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди