ИИВ: Россияда Марказий Осиё давлатларининг 4 миллионга яқин фуқароси бор

mytyshi.ru сайти фотосурати

2024 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Россияда Марказий Осиё давлатларининг 3,985 миллион фуқароси бор. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашрида чоп этилган РФ Ички ишлар вазирлиги инфографикасида маълумот берилган.

Россияга келаётган хорижликлар сони бўйича Ўзбекистон етакчи (1,792 миллион кишидан ортиқ), иккинчи ўринда Тожикистон (1,231 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Қозоғистон (606,9 минг), Қирғизистон (262,8 минг) ва Туркманистон (92 минг киши) туради.

«Ҳозирда мамлакатимизда 6 миллион 174 минг нафар чет эл фуқароси бор. Россиядаги фуқаролари сони бўйича биринчи ўнталикка Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон киради. Мен уларни камайиш тартибида келтирдим, бироқ улар жами 5,5 миллион кишини ташкил қилади», — деди ИИВ миграция сиёсатини назорат қилувчи вазирнинг биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги Александр Горовой «Коммерсантъ»га берган интервьюсида.

2023 йили РФ омбудсмани Татьяна Москалькова маълумотларига кўра, МДҲга аъзо давлатлардан 9 миллион 973 минг 338 нафар фуқаро Россияга кириб келган, улардан 8 миллион 507 минг 906 нафари миграция рўйхатидан ўтган.

Горовой таъкидлашича, мамлакатдаги хорижликлар сони ҳар куни Россия ФХХ Чегара хизматидан ИИВга келиб тушадиган маълумотлар асосида ҳисобланган.

«Биз чет эл фуқароларининг мамлакатда бўлиш муддатларига риоя этишини назорат қилиш мақсадида уларнинг чиқиш ва киришлари тўғрисидаги маълумотларни кечаю кундуз тўплаймиз, қайта ишлаймиз ва амалий фаолиятимизда фойдаланамиз. Бу рақамга мамлакатимизда яшаш мақсади ва муддатидан қатъи назар, барча тоифадаги хорижликлар, шу жумладан, бу ерда ноқонуний яшаётганлар ҳам киради», — дея тушунтирди Горовой.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, ноқонуний муҳожирлар орасида асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари бор. Жами 739 мингга яқин киши ёки 9 фоизга яқин.

«Сўнгги тўрт-беш йил ичида бу кўрсаткич 30 фоиздан ошди – 2022 йилгача мамлакатимизда шунча ноқонуний муҳожир бўлган. Бу пасайиш, менимча, барча даражадаги мутасадди ташкилотлар билан биргаликда олиб бораётган жиддий ишимизнинг ижобий натижасидир», — деди Горовой.

2024 йил бошидан буён Россияга 7,5 миллионга яқин чет эл фуқаролари кириб келган, 6,8 миллиони эса чиқиб кетган.

«Уларнинг баъзилари йилига бир неча марта келиб-кетади, шунинг учун ҳар бир йўналиш бўйича кириб-чиқаётган хорижликлар сони 15,5 миллиондан ошади. Биз халқаро миграциянинг бундай фаоллигини пандемиядан олдинги даражада деб баҳолаймиз. Яъни, Россия ва дўст бўлмаган давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри йўловчилар ҳаракатини тўсиб қўйган трансчегаравий саёҳатга чекловлар ва Ғарбнинг ноқонуний санкциялари кўринишидаги кейинги ташқи сиёсий воқеалардан олдинги 2019 йил даражасига етди», — деб тушунтирди ИИВ раҳбари ўринбосари.

kommersant.ru сайти инфографикаси

Чет элликлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларга оид саволга жавоб бераркан, Горовой жорий йил январь ойидан августигача 20296 нафар чет эл фуқароси томонидан очилган 625.767 жиноятнинг 26.422 тасини содир этилганини айтди. Яъни фош этилган жиноятлар орасида чет эл фуқароларининг улуши 4,2 фоизни ташкил этган.

«Умуман олганда, улар содир этган жиноятлар миқдори оғир ва ўта оғир тоифаларни ўз ичига олган ҳолда [2023 йилнинг шу даврига нисбатан] 5 фоизга камайди», — дейди Горовой.

Унга кўра, 2015 йилдан буён чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони қарийб 20 фоизга камайган.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга келсак, жорий йилнинг биринчи ярмида ички ишлар органлари томонидан 1,7 миллионга яқин шундай ҳолатлар ҳужжатлаштирилган, бу ўтган йилга нисбатан 44,6 фоизга кўпдир.

«Биз Россия қонунчилиги талабларига риоя қилмайдиган чет эл фуқароларининг мамлакатга киришини чеклаш бўйича ишимизни кучайтирдик. Ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан полиция Россияга киришга рухсат бермаслик тўғрисида 161 мингта қарор қабул қилди, бу 2023 йилнинг саккиз ойига нисбатан 55 мингтага кўпдир», — деди вазир ўринбосари.

Бундан ташқари, 2024 йилнинг биринчи ярмида Россия ҳудудидан чет эл фуқароларини чиқариб юбориш бўйича деярли 100 мингта қарор қабул қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга кўпдир.

ИИВ Миграция масалалари бош бошқармаси таъкидлашича, бошқарма томонидан тақдим этилган маълумотлар «дастурий-техник воситалар ёрдамида олинган. Шунга кўра, Россия ИИВ томонидан эълон қилинган миграция ҳолати бўйича барча статистик маълумотлар объектив характерга эга».

Ички ишлар вазирлиги постсовет давлатлари билан визасиз режимни бекор қилиш таклифларини қўллаб-қувватлайдими, деган саволга Горовой салбий жавоб берди.

ИИВ постсовет давлатлари билан визасиз режимни бекор қилиш таклифларини қўллаб-қувватлайдими, деган саволга Горовой салбий жавоб берди.

«Полиция нуқтаи назаридан, визасиз режимни бекор қилиш мамлакат ички хавфсизлигини таъминлашнинг оптимал вариантидир. Лекин мен мамлакатимиз учун оғир бўлган ҳозирги кунда вазиятни ҳам иқтисодий, ҳам демографик жиҳатдан, ҳамда визасиз алоқалар ўрнатилган давлатлар билан дўстона муносабатлар нуқтаи назаридан реал баҳолайман.

Мен электорал манфаатлари йўлида ҳозирда «визасиз режим»ни бекор қилиш ғоясини илгари сураётган квази-сиёсатчилар ва бошқа арбоблар каби бўлишни хоҳламайман. Мени танқид қилишса керак, лекин мен фақат давлат манфаатларидан келиб чиқаман. Ҳозирги пайтда Россияда тарихан ишсизлик даражаси энг паст бўлган давр, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида меҳнат ресурслари танқислиги кузатилмоқда», — деди Россия ИИВ раҳбари ўринбосари.