Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Зилалиев коррупцияда гумон қилиниб, яна ҳибсга олинди

Дуйшенбек Зилалиев. Элет.media фотосурати

Қирғизистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича собиқ ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев ҳибсга олиниб, 4 ноябргача тергов изоляторига (СИЗО) жойлаштирилди. Бу ҳақда Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот хизматига таяниб 24.kg нашри хабар берди.

Зилалиев 12 сентябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари томонидан қўлга олинган, бундан бир ҳафта олдин Республика Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Геология ва ер қаъридан фойдаланиш давлат агентлигининг собиқ директори Мелис Сатибеков ҳам ҳибсга олинган эди. 2016—2017 йиллари Зилалиев Қирғизистон Геология ва минерал ресурслар давлат агентлигини бошқарган. Тахминларга кўра, собиқ икки амалдор 2017 йили қазилма конларини ўзлаштириш лицензиясига алоқадор бўлган пайтда содир этилган коррупция жиноятларида гумон қилинмоқда. Зилалиев ва Сатибеков лицензияни алоҳида мукофот, яъни пора эвазига берганликда гумон қилинмоқда.

ℹ️ Бу Зилалиевнинг биринчи бор ҳибсга олиниши эмас. 2023 йил март ойида у 2017 йили маълум бир фуқародан фойдали қазилма конига лицензия олиш масаласини ҳал қилишни ваъда қилиб, 50 минг доллар олганликда гумонланиб, тергов изоляторига жойлаштирилганди. Аммо у ваъдасини бажармаган ва пулни қайтармаган. Бироқ, кейинчалик аризачи айблашдан воз кечган ва Зилалиев май ойида озодликка чиққан.

2019 йили Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистон собиқ Бош вазири ўринбосарининг оиласига нисбатан Европанинг ушбу давлати банкларидан бири орқали йирик миқдорда пул маблағларини ювиш айби билан жиноий иш қўзғатган эди.

2018 йил декабрь ойида Зилалиев ноқонуний бойиб кетиш иши доирасида қўлга олинган. МХДҚ томонидан аниқланишича, декларацияларда кўрсатилмаган 889,9 минг доллардан ташқари (бу маблағ амалдорнинг беш йиллик расмий даромадидан бир неча баравар кўп бўлган) Зилалиев қариндошлари номига расмийлаштирилган катта миқдордаги кўчмас мулкларка эгалик қилган. Амалдор тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ 2021 йили Олий суд бу қарорни бекор қилган ва ишни қайта кўриб чиқишга юборган. Зилалиев 2022 йил январида озодликка чиққан – Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексига кўра, айбланувчи қонуний кучга эга бўлмаган ҳукмсиз 12 ойдан ортиқ ҳибсда сақланиши мумкин эмас эди.

2017 йил ноябрида, президент Сооронбай Жээнбеков инаугурацияси куни ўша пайтда Давлат мулк жамғармаси раҳбари лавозимида ишлаган Зилалиев ИИВ курсантига ҳукумат шоссеси яқинида бомба яширинганини хабар берган. Жанжал натижасида у ўз лавозимидан айрилган ва уч йиллик шартли қамоқ жазосини олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати