Қозоғистонлик банкир Татишевни ўлдирганликда айбланган тадбиркорни шартли равишда озод қилиш рад этилди

Муратхон Тўқмади. damu.kz сайти фотосурати

Олмаота вилоят суди «ТуранАлем» банки раҳбари Ержан Татишевни ўлдирганликда айбланган тадбиркор Муратхон Тўқмадини шартли равишда озод қилмасликка қарор қилди, деб хабар берди Vlast.kz нашри. Шу тариқа, коллегия бундан олдин Конаев шаҳар суди томонидан тадбиркорни шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди.

Марҳум банкир Ержан Татишевнинг ўғли Алпамис Татишев судда сўзлаган нутқида Тўқмадини шартли равишда озод қилмасликларини талаб қилган, чунки у «отасини қасддан ўлдириб, уни севган ва қадрлаган барча одамларнинг ҳаётини барод қилган». «Отам Ержан Татишев қурбон бўлди, лекин биз ҳаммамиз бу даҳшатли жиноятнинг қурбони бўлдик ва атиги олти ярим йиллик жазодан кейин қотилнинг озодликка чиқишига қаршимиз», — деган у.

Муратхон Тўқмади, ўз навбатида, уч марта шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берганини айтган. Kursiv.kz хабарига кўра, жорий суд мажлисида маҳкум жабрланувчилар томонига юзланмаган, бироқ «мухолифлар туҳматига қарамай», шартли равишда озод қилиниши кераклигини, чунки «у ҳамон мамлакатга фойда келтириши мумкин»лигини айтган.

ТуранАлем Банк (ҳозирги БТА) бошқарувининг собиқ раиси Ержан Татишев 2004 йил 19 декабрда Ўтар станцияси ҳудудида ов пайтида вафот этган. Toyota Land Cruiser русумли автомашинада у бўриларни қувган ва уларга етиб олганда ёнида ўтирган тадбиркор Муратхон Тўқмадига қуролни узатган. Бу пайтда, терговнинг дастлабки версиясига кўра, машина дўмликка урилган ва қурол ўз-ўзидан ўқ узган. Ўқ банкирнинг бошига теккан ва у бир зумда ўлган, ўшанда бўлиб ўтган воқеа «бахтсиз ҳодиса» дея таснифланган.

2017 йил ёзида Тўқмади бошқа иш бўйича ҳибсга олинган, у товламачилик ва қурол сақлашда айбланган. У тергов билан келишувга эришган ва 10 октябрь куни уч йиллик қамоқ жазосини олган. Икки ҳафта ўтгач, Тўқмади КТК телеканалига берган интервьюсида 13 йил аввал банкир Татишевнинг бошига атайлаб ўқ узганини тан олган. Унинг таъкидлашича, қотилликка Мухтор Аблязов буюртма берган, зеро марҳум 1990 йиллар бошидан у билан бизнес юритган ва ТуранАлем банкини назорат қилиш борасида Аблязов билан зиддиятда бўлган.

2018 йил баҳорида Тўқмади касалхонага ётқизилган ва у ерда қочишга уринган, бироқ бир кундан кейин қўлга олинган. Кейинроқ суд уни 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

2022 йил мартида, тартибсизликлар ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти истеъфога чиққанидан икки ой ўтиб, Тўқмади президентга очиқ мактуб йўллаб, унда қийноқлар остида ўзини айблаблашга мажбур бўлганини айтган. Тадбиркорга кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимовнинг одамлари уни қотилликни бўйнига олишга мажбурлаган. Тўқмадининг сўзларига кўра, қийноқлар МХҚ собиқ раиси «раҳбарлигида» амалга оширилган, унинг асосий мақсади «собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг асосий душмани» бўлмиш қочоқ банкир Мухтор Аблязовни экстрадиция қилиш бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди