Туркман ўқитувчилари яна пахта теримчилари учун пул тўлашга мажбур бўлишди

mir24.tv сайти фотосурати

Туркманистоннинг Лебап вилоятида амалдорлар ўқитувчиларни ё пахта даласига чиқишга ёки теримчилар хизмати учун пул тўлашга мажбур қилишмоқда. Бу ҳақда маҳаллий мактаблардан бири директорининг сўзларига таяниб, «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Нашр суҳбатдошига кўра, ҳукумат вакиллари вилоятдаги таълим муассасалари раҳбарларини пахта теримчилари учун пул йиғилаётгани ҳақида гапирмаслик борасида огоҳлантиришган. Агар кимдир бу масала бўйича сўраса, ўқитувчилар ёлланма ишчиларга фақат ихтиёрий пул тўлаётгани ҳақида жавоб беришлари керак.

Аниқлик киритилишича, тоифага эга ва юқори маош оладиган ўқитувчилардан ҳафтасига 50 манат (давлат курси бўйича 14 доллар ёки қора бозор курси бўйича 2,6 доллар), бошқа ўқитувчилар ва техник ходимлардан эса тахминан 30 манат (8,5 ёки 1,5 доллар) ундирилади. Расмийлар бу маблағлар эвазига шаҳар ва туманлардаги ишсиз фуқароларни теримга ёллашади.

Аммо қишлоқ жойларида мактаб ходимлари кўпинча теримга боришга рози бўлишади. Маҳаллий ўқитувчининг журналистларга айтишича, у болалигидан пахта теримига борган, шунинг учун у кунига 80 килограммгача тера олади. Бунинг учун унинг сўзларига кўра, плантация ижарачиси унга пул тўлайди, шунингдек макбатдаги ойлик маош ёнга қолади. «Оқ олтин» нархининг ошгани ҳисобга олинса, бу оилавий бюджетга яхшигина қўшимча бўлади.

Ўтган йили Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакиллари мамлакатга келганида ўқитувчиларни далага чиқаришмаган. Бу йил теримчилар иш ҳақи оширилгандан сўнг, ижарачиларнинг ўзлари расмийлардан давлат ходимларини ишга жалб қилмасликни сўрашган, чунки ёлланма ишчилар этарли. Аммо баъзи ҳудудларда расмийлар ўқитувчиларнинг жараёндаги «иштирокини» рад эта олишмаяпти, дея хулоса қилади «Хроника Туркменистана» нашри.

Пахта нархи ошгани сабабли туркман фермерлар ўз фарзандларини плантацияларга олиб чиқа бошлагани аввал хабар қилинган эди. Улар оила даромадини ошириш учун қонунни бузишга тайёр эканликларини тан оладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди