Тўқаев Қозоғистонда АЭС қурилишига доир референдум санасини белгилади

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига доир референдум 6 октябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халққа мурожаатида маълум қилди.

«Мамлакат ҳаёти учун муҳим бўлган ҳар қандай қадамни халқ қўллаб-қувватлагандагина ташлаш лозим. АЭС бўйича референдум ҳам шундай бўлиши керак. Уни ўтказиш ҳақида ўтган йили гапирган эдим, яъни бу мавзу бир йилдан буён жамоатчилик кун тартибидан жой олган. Бу фуқароларнинг онгли қарор қабул қилишлари учун етарли муддат, деб ҳисоблайман. Шу муносабат билан мен ҳукумат таклифини қўллаб-қувватлайман. Жорий йилнинг 6 октабрь куни АЭС қурилишига доир умумхалқ референдуми бўлиб ўтади, бугун мен тегишли фармонни имзолайман», — дея давлат раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради Оқўрда матбуот хизмати.

Тўқаев бўлажак референдум «тингловчи давлат» концепциясини амалга оширишнинг ёрқин намунаси бўлишини таъкидлади. «Моҳиятан, бу қадамлар билан биз янги ижтимоий-сиёсий маданиятни шакллантирмоқдамиз, муҳим давлат қарорларини қабул қилишнинг янги стандартларини белгилаяпмиз», — дея қўшимча қилади у.

Икки йил муқаддам Тўқаев Қозоғистон атом энергиясига жуда муҳтож эканини айтганди. Бугунги мурожаатида у глобал энергия тақчиллиги кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, мамлакат «ишончли ва экологик тоза энергия манбаларига жуда муҳтожлигини» яна бир бор таъкидлаган.

«Шунинг учун, менимча, атом энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш лозим. Бу турдаги генерация иқтисодиётимизнинг жадал ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондира олади. Айни пайтда 30 та ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда 200 га яқин атом электр станциялари ишламоқда», — деб эслатади президент.

Референдумга қўйиладиган савол қандай шаклланиши ҳозирча номаълум. Илгари Энергетика вазирлиги битта атом электр станциясини қуриш ҳақида эмас, балки бутун атом энергетикасини ривожлантириш масаласини ҳал қилиш кераклигини айтганди. Вазирлик, шунингдек, мамлакатда бир эмас, бир нечта атом электр станциялари қурилиши мумкинлигини тахмин қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди