Россия компанияларига Марказий Осиё мамлакатлари банклари орқали тўловларни амалга оширишдан бош тортишлар июль ойида 30 фоизгача ошган. Бу ҳақда ПЭК, Digital ВЭД, GTL ва Logita Trade транспорт компаниялари томонидан тайёрланган шарҳга асосланиб, РБК хабар берди.
Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан тўловларни амалга оширишнинг ўртача муддати икки ҳафтага кўпайгани қайд этилган.
ПЭК молия директори Роман Ромашевскийнинг таъкидлашича, муаммолар ушбу мамлакатларда банкларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқликни кучайтиргани билан боғлиқ — улар компания ва унинг таъсисчилари, мижозлари, маблағлар манбалари ва тафсилотлари тўғрисидаги маълумотларга нисбатан кўпроқ қўшимча ҳужжатлар ва тушунтиришларни талаб қилишмоқда.
«Кўпинча тўловлар кечиктирилади ёки тушунтиришларсиз қайтарилади. Хизмат кўрсатувчи Россия банки уларни билмайди ва тушунтириб бера олмайди, чунки муаммо чет элдаги қабул қилувчи банк томонида пайдо бўлмоқда», — деб таъкидлайди Ромашевский.
Digital ВЭД асосчиси Анна Фомичеванинг сўзларига кўра, энг кўп муаммолар Марказий Осиё банклари орқали бошқа мамлакатларга, жумладан, Хитойга тўловларни амалга оширишда юзага келмоқда.
Июнь ойида Қирғизистонда кўпинча қийинчиликлар юзага келган: кўплаб маҳаллий банклар «техник ишлар, рубл курсининг ўзгарувчанлиги ва валюта бозоридаги мумкин бўлган кескин тебранишлар» туфайли тўловларни тўхтатиб қўйишган. Айрим компаниялар ҳатто қирғизистонлик ҳамкорлар билан шартномаларни ҳам тўхтатиб қўйишган. Операцияларнинг аксарияти тикланган, аммо уларнинг ўртача муддати икки ҳафтагача бўлиши мумкин.
Logita Trade бош директори Татьяна Алексееванинг сўзларига кўра, муаммолар АҚШ июнь ойида Москва биржаси ва бошқа рус компанияларига қарши санкциялар киритганидан сўнг бошланган. Натижада Москва биржаси доллар ва еврода савдони тўхтатган.
Россия қўшни давлатлар билан тўловларни асосан миллий валюталарда амалга оширади. Уларнинг МДҲ доирасидаги ташқи савдодаги улуши 2023 йили 85 фоиздан ошган. Экспорт-импорт операцияларининг 80% дан ортиғи рублда амалга оширилган. Шу билан бирга, РБК экспертлари таъкидлашича, тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар «ҳар қандай валютадаги ҳисоб-китобларга таъсир қилади, чунки иккиламчи санкциялар хавфи ҳисоб-китоблар валютасига боғлиқ эмас».
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, июнь ойида АҚШ санкциялари эълон қилинганидан сўнг Қозоғистондаги Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси мижозларни Россия қимматли қоғозларини унинг номинал холдингидан олиб чиқишга чақирганди.