Актауда (Ғарбий Қозоғистондаги шаҳар) шаҳрининг 19-микрорайондаги кўпқаватли 43-уйда истиқомат қилувчи одамлар сув йўқлиги сабаб йўлни тўсиб қўйишди, деб ёзади Lada.kz.
Йиғилган кимсаларнинг сўзларига кўра, сув уч кун аввал ўчирилган. Одамлар гавжумлиги сабаб йўлда тирбандлик юзага келган, воқеа жойига полиция етиб келган. Шаҳар ҳокимлиги бу ерга «ваколатли вакиллар»ни юборишни ваъда қилган.
Нашрнинг қайд этишича, 19-микрорайон аҳолиси бундай акцияга биринчи бор қўл ураётгани йўқ — июнь ойида сув тақчиллиги туфайли йўлни тўсиб қўйишганди. Шундан сўнг мутасаддилар аҳоли билан тушунтириш суҳбати ўтказган.
Ёзда, жазирама ва денгиз суви қизиб кетган паллада, соҳилбўйи Актау шаҳрида сув танқислиги ҳар йили кузатилади. Янги микрорайонларда бир ойдирки, сув жадвал бўйича берилмоқда, айрим одамлар бундан ҳам қуруқ қолишган – босим пастлигидан сув 4 қаватдан юқорига чиқмайди. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият органлари мунтазам равишда «сув танқислигини бартараф этиш чоралари тўғрисида» ҳисобот беришади. Уларнинг сўзларига кўра, ««Каспий» денгиз сувини чучуклаштириш заводи қувватини кунига 20 мингдан 40 минг куб метргача ошириш» лойиҳаси якунланмоқда. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишлари 95 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари, бир кун аввал «МАЭК» МЧЖга қарашли ЦУВС-2 (Марказий сув таъминоти блоки) ҳудудида кунига 6 минг куб метр сувни чучуклаштириш қувватига эга қурилма ишга туширилган.