Тўқаев давлат хизматчилари ва орган ходимларининг қимор ўйнашини тақиқлади

tocrypto.ru сайти фотосурати

Қозоғистонда давлат хизматчилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қимор ўйинлари тақиқланди. Мамлакатда қимор бизнесини тартибга солувчи қонунга тегишли ўзгартиришлар республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан маъқулланди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Қимор/гаров ўйинларида иштирок этиши тақиқланган шахслар рўйхатига ҳарбий хизматчилар, бюджет ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек қарздорлар реестрига киритилган фуқаролар ҳам киритилган.

Шу билан бирга, масъул давлат лавозимларини эгаллаган, давлат функцияларини бажаришга ваколатли шахслар, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахсларнинг қимор ўйинларида иштирок этиши чекланган, аммо тақиқланмаган.

Қоидаларга бўйсунмаган шахслар ишдан бўшатилади.

Қонунда қимор бизнеси ташкилотчилари фаолиятини тартибга солиш механизмлари ҳам мустаҳкамланган. Туризм ва спорт вазирлигига қимор бизнеси субъектлари қоидалари риоя этиши шарт бўлган қиморхоналар шохобчаси, букмекерлик идораси, тотализаторлар, гаровлар қабул қилиш ва қимор/гаров ўйинлари ўтказишнинг намунавий қоидаларини тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, қонун букмекерлик идоралари ва лотереялар рекламасини чеклайди. Уларнинг ташқи (визуал) рекламасини автотранспорт воситаларида, оммавий ахборот воситаларида, кино, видео ва маълумотнома хизматларида жойлаштириш тақиқланади. Истиснолар қуйидагилардан иборат:

✅ букмекерлик ёки тотализатор идораси жойлашган жойдаги ташқи реклама;

✅ спорт иншоотлари ичида ва спортчилар жиҳозларида;

✅ рўйхатдан ўтган ОАВда спорт мавзусига йўналтирилган реклама, шунингдек, маҳаллий телеканаллар томонидан халқаро спорт мусобақаларининг жонли эфирида.

Бундан ташқари, тақиқ жорий этилади:

👉 лотерея чипталарини тарқатиш ва лотерея терминалларини турар-жой бинолари, ётоқхоналар, диний бинолар, маданият ташкилотлари бино ва иншоотлари, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларида ва улардан юз метр радиусда;

👉 21 ёшгача бўлган шахсларга энергетик ичимликлар сотиш.

ℹ️ Қозоғистонда қимор бизнесини тартибга солувчи қонунни кучайтириш ҳақида ўтган йил август ойидан бош қотириб келишади. Ноябрь ойида Қозоғистонда давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ва полиция ходимларига қиморхоналарга бормаслик тавсия этилган. Бироқ, бу расмийлар учун етарли бўлмаган ва бундан буён тавсия бутунлай тақиққа айланди.

Янги қоидалар обрў-эътиборга оид хавфларни камайтириш ва «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг шаъни ва обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш» учун мўлжалланган. 2022 йил кузида Олмаота вилояти прокуратураси қимор ўйинларига 507 миллион тенге (тахминан 1,1 миллион доллар) сарфлаган 305 нафар давлат хизматчисини аниқлаган. Улар орасида ИИВ, Мудофаа, Молия вазирликлари, Олий суд ва вилоят мутасаддилари бўлган. Ўтган йил июнь ойида Мудофаа вазирлиги қимор ўйинларига берилиб кетган 63 нафар ҳарбий хизматчи аниқлангани ҳақида хабар берганди. Улардан 11 нафари ишдан бўшатилган, қолганлари интизомий жазога тортилган.