Си Мирзиёев ва Жапаровни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини тезлаштиришга чақирди

Си Цзиньпин. «Синьхуа»нинг архив фотосурати

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари билан икки томонлама учрашувларда уч давлатни боғловчи темир йўл қурилишини тезлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Синьхуа» хабар беради.

Учрашувлар 3 июль куни Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг 24-мажлиси олдидан бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Си Цзиньпин Хитой Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва ҳамкори эканини, уни миллий мустақиллик, суверенитет ва хавфсизликни ҳимоя қилишда қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади. У ҳар икки томонни иқтисодиёт, савдо ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик режасини самарали амалга оширишга, фотоэлектр энергияси, шамол энергетикаси ва янги энергия воситалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга, камбағалликни қисқартириш ва жамоат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттиришга чақирди.

Мирзиёев камбағалликни қисқартириш соҳасида амалий ҳамкорлик масалаларида Хитой раҳбарини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади ва бу борада тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилишни таклиф қилди.

Етакчилар кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилганини таъкидладилар:

👉 Ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди;

👉 Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.2023 йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд;

👉 бу йил Ўзбекистоннинг барча вилоятлари раҳбарлари Хитойга бир неча бор бўлишди, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилди;

👉 Хитой инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган;

👉 Шу йил бошидан буён мамлакатимизда 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди.

👉 Жиззах вилоятида Ўзбекистон-Хитой технопарки ишга туширилди ва BYD электромобиллари ишлаб чиқарила бошланди.

👉 Хитой Эксимбанки кўмагида Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда.

Садир Жапаров билан учрашувда Си Цзиньпин «яхши қўшнилар бир-бирларига яхшилик тилайдилар», деди ва Хитой барқарор ва ривожланаётган Қирғизистонни кўриб турганидан хурсанд эканини ва миллий мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишда уни қатъий қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди.

«Хитой Қирғизистон билан ривожланиш стратегиялари интеграциялашувини чуқурлаштиришга, давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиришга, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликка ва тақдири умумий хитой-қирғиз ҳамжамиятини шакллантиришга кўмаклашишга тайёр», — дея «Синьхуа» ахборот агентлиги ХХР раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради.

Си Хитойнинг қуйидаги ишларни амалга ошириш ниятида эканига ишонтирди:

▶️ Қирғизистондан кўпроқ сифатли яшил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш;

▶️ Хитой корхоналарини ушбу Марказий Осиё давлатига сармоя киритиш ва бизнес юритишда қўллаб-қувватлаш;

▶️ Янги энергия манбалари ва трансчегаравий электрон тижорати каби соҳаларда ҳамкорликни ошириш.

Жапаров, ўз навбатида, бир асрда мисли кўрилмаган глобал ўзгаришлар шароитида Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар доимо мустаҳкам бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Жапаровнинг сўзларига кўра, энг юқори даражадаги сиёсий мулоқот Қирғизистон ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий кун тартибини муваффақиятли илгари суриш учун ажойиб имконият яратади.

Хитой Қирғизистоннинг асосий савдо ва сармоявий ҳамкорларидан бири, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўсишида йилдан-йилга ижобий динамика кузатилмоқда, дея таъкидлайди Қирғизистон президенти матбуот хизмати. 2023 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 20 миллиард долларни ташкил этган.

Ҳар учала давлат раҳбарлари Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини тезлаштириш истагини билдирди. Жумладан, Жапаров мазкур лойиҳа «Бир камар – бир йўл» ташаббусининг асосий таркибий қисми ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик рамзи эканини таъкидлади.

ℹ️ Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли Қашғар — Торугарт — Макмал — Жалолобод — Андижон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Йўлнинг узунлиги қарийб 454 км бўлиб, шундан 280 таси Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Бутун линия бўйлаб 18 та станция, 81 та катта ва ўрта кўприк, 41 та туннел қуриш режалаштирилган.

Дастлаб, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 2022 йил ноябрида 1,34 миллиард долларга баҳоланган эди, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров ўша йил декабрида бу харажат 3-5 миллиард доллар оралиғида бўлишини айтди. Ўша йилнинг декабрида Бош вазир янги рақамни эълон қилди — 6 миллиард доллар, 2024 йил апрелига келиб у 8 миллиард долларга ўсди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди