Олий таълим вазирлигига бакалавриат йўналишлари сонини 40 фоизга қисқартириш бўйича топшириқ берилди

nova24.uz сайти фотосурати

Бакалавриат йўналишлари сонини 40 фоизга қисқартириш керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, дея хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мирзиёев Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятидан норозилигини билдирди. Хусусан, у мамлакатда олий таълимни қамраб олиш кескин ошгани, хусусий сектор соҳага кириб келгани, аммо таълим сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлади:

👉 сўнгги етти йилда илм-фан ва инновацияларга 6 триллион сўм (деярли 500 миллион доллар) йўналтирилганига қарамай, «харажатлар – тадқиқот – маҳсулот» тизими ҳалигача носозликларни бартараф этмаган;

👉 ҳамма университетларда ҳам талабаларнинг мустақил ишлаши учун шароит яратилмаган;

👉 аксарият коллеж ва университетларда иш берувчиларнинг аниқ мутахассисларга бўлган эҳтиёжлари ҳисобга олинмайди;

👉 айрим ОТМларда дарсликлар етарли эмас, дарсликлар замонавий талабларга жавоб бермайди;

👉 айрим ректорларда ташаббус, ривожланишга интилиш ва фидойилик етишмайди.

«Шунинг учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазири [Қонгратбай Шарипов] тайинланди ва унга касб-ҳунар ва олий таълим соҳасида туб ўзгаришларни амалга ошириш вазифаси юкланди», — дея тушунтирди Мирзиёев.

Олий таълим вазирлигига бакалавриат таълим йўналишлари сонини 40 фоизга қисқартириш ва жаҳон ТОП-300 талигига кирган университетлар дастурлари асосида таълим дастурларини янгилаш вазифаси юклатилди.

«Жорий йили 122 та янги йирик лойиҳалар бошланади. Бу – яқин йилларда мураккаб технологияда ишлай оладиган 10 минг муҳандис ва технологлар керак, дегани. «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан хорижга кетган талабаларнинг бор-йўғи 9 фоизи муҳандислик ёки технологиялар йўналишида таълим олишган», — деб таъкидлади Мирзиёев.

Президент жамғарма унинг администрацияси бошқарувига ўтказилишини айтди. Эндиликда ёшларни жамғарма маблағлари ҳисобидан хорижга ўқишга юборишда юқори малакали муҳандис-технологлар тайёрлашга устувор аҳамият берилади.

Мирзиёев Олий таълим вазирлигига 2024 йили Лойиҳа бюроси билан биргаликда талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар: дизайнерлар, технологлар, архитекторлар, муҳандислар, энергетиклар тайёрлаш муҳитини яратиш бўйича топшириқ берди.

Олий таълим вазирлигининг яна бир вазифаси 116 та университет фаолиятини ўрганиш, уларни кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш, уларга «миллий», «давлат» университет, академия ёки институт мақомини беришнинг аниқ мезонларини белгилашдан иборат бўлади.

ℹ️ Аввалроқ ишга қабул қилиш бўйича мутахассислар Ўзбекистон меҳнат бозорида малакали ўрта бўғин менежерларига талаб катта эканини таъкидлаган эдилар. Уларнинг тақчиллигига мамлакатда таълим сифатининг кескин ёмонлашгани ва дипломни сотиб олиш мумкин бўлган тижоратлашув натижаси сабаб бўлган. Шунинг учун компаниялар баъзан бундай талабаларни қўшимча ўқитишга вақт сарфлашга мажбур бўляпти.