Экология вазирлиги Тошкент ҳавосини яхшилаш мақсадида АИ-80 бензинини тақиқлашни таклиф қилди

nova24.uz сайти фотосурати

Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши даражасини пасайтириш учун Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги АИ-80 бензинидан фойдаланишни тақиқлаш ва бошқа қатор чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилди.

Экология вазирлигининг тушунтиришича, Ўзбекистон пойтахти ҳавосини ифлослантирувчи омиллардан бири бу автомобиллар томонидан атмосферага чиқаётган газлар миқдорининг ортишидир. Автомобилларнинг экологик даражаси ишлатиладиган ёқилғи сифатига ва ҳаракатни ташкил этишга боғлиқ. Халқаро стандартларга («Евро-4») жавоб бермайдиган АИ-80 бензинидан фойдаланадиган автомобиллар бошқаларга нисбатан кўпроқ зарарли чиқиндилар чиқаради.

Экологлар республикада автомобиллар сони сезиларли даражада ошганини қайд этадилар. Агар 2021 йили 3,14 миллион бўлган бўлса, 2023 йили бу кўрсаткич 4,6 миллионга етган. Тошкент бўйлаб кунига ўртача 730 мингта автомобил ҳаракатланади, ҳудудлардан эса яна 300 мингтагача транспорт воситалари кириб келади.

Пойтахт ҳавосининг ифлосланишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилади:

😡 мораторий даврида 49 мингга яқин дарахт ноқонуний кесиб ташланган;

😡 Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, қурилишлар ҳанузгача давом этмоқда;

😡 Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йили 3,9 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 млн тоннага етган. Маълумот учун, 10 тонна кўмир ёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220 кг қурум, 360 кг олтингугурд II оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот II оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси ажралиб чиқади;

😡куз-қиш мавсумида аҳолини марказлашган иссиқлик таъминоти учун иссиқлик станциялари томонидан мазутдан фойдаланиш.

Бундан ташқари, Тошкент ҳавоси ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда.

«Тошкент шаҳри тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди», — деб тушунтиради вазирлик.

Вазирлик томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича қатор ишлар режалаштирилган. Жумладан, атроф-муҳитга таъсири 1 ва 2-тоифали саноат корхоналарида чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, мавжудлари реконструкция қилинади ва модернизация қилинади. Бу ерда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар мониторинги постлари ва атроф-муҳит мониторинги учун автоматик станциялар ўрнатилади.

«Бу ўз навбатида атроф-муҳит ҳолатларини рақамлаштириш орқали саноат корхоналаридан чиқаётган зарарли моддаларни кузатиш, таҳлил қилиш, бартараф этиш ва экологик вазиятни барқарорлаштиришга имкон беради», — дейди вазирлик мутасаддилари.

Вазирлик томонидан Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар қаторида АИ-80 бензинини тақиқлашдан ташқари:

👉 оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ бўлган юк автомашиналарининг тирбанд вақтда ҳаракатланишини чеклаш — соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача;

👉 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча турдаги автомобиллар ҳаракатланишини тақиқлаш ва автомобил эгаларига электромобилларга ўтишда имтиёзлар бериш;

👉 тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни «тоқ ва жуфт» кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;

👉 шаҳарнинг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил этиш;

👉 жамоат транспортини электр, газ ва бошқа ёқилғи турларига ўтказиш, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;

👉 барча турдаги объектларни (ижтимоий ва давлат аҳамиятига молик объектлардан ташқари) қуришга мораторий эълон қилиш ва унга риоя қилиш;

👉 Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;

👉 микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;

👉 Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;

👉 шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш;

👉 атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш.

ℹ️ Сўнгги пайтларда Тошкент ҳавосининг хавфли даражада ифлосланиши ўзбек ижтимоий тармоқларида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Пойтахт аҳолиси шаҳар ташқарисига кўчиб ўтиш ҳақида жиддий ўйлай бошладилар.

«Ўзгидромет» мунтазам равишда пойтахт ҳавосининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади. Масалан, 11 январь куни гидрометеорологлар эрталаб ҳаводаги майда РМ2,5 заррачаларининг миқдори 85,5 мкг/м3 бўлганини, бу ЖССТ тавсияларидан (5 мкг/м3) 17 баравар юқори эканлигини маълум қилди. Кечқурун вазият бироз яхшиланган — бу заррачаларнинг концентрацияси 9,97 мкг/м3 гача камайган. 12 январь куни эрталаб 28,05 мкг/м3 кўрсаткич қайд этилган, бу ЖССТ тавсия қилган даражадан 5,6 баробар кўпдир.