Тожикистонлик экспертлар мамлакатда ОИВ юқтирганлар сонига оид маълумотларни очиқлади

gastroportal.ru сайти фотосурати

Тожикистонда 1991 йилдан 2023 йил 1 декабрь ҳолатига кўра 15857 нафар ОИВ инфекцияси билан касалланганлар рўйхатга олинган. Бу ҳақда Республика ОИТС профилактикаси ва унга қарши курашиш маркази директори ўринбосари Алижон Солиев маълум қилди, деб ёзади «Азия-плюс».

Солиевнинг сўзларига кўра, кўрсатилган рақамдан 4358 киши ҳалок бўлган. Касалликка чалинганлар эркаклар орасида кўпроқ – 10 097 нафар, аёллар 5 760 нафар, 1 062 нафари 18 ёшгача бўлган болалардир.

Мамлакат ҳудудлари бўйича аниқланган ОИВ инфекцияси ҳолатлари сони қуйидагича:

👉 Душанбе — 3629 киши;

👉 республикага қарашли туманлар – 2964 та;

👉 Хатлон вилояти — 4781;

👉 Суғд вилояти — 3656;

👉 Тоғли Бадахшон автоном вилояти — 827.

Солиев таъкидлаганидек, ОИВ инфекциясини даволаш учун дори воситалари 2016 йилдан бери олиб келинади.

«Дори-дармон доим мавжуд, уларни етказиб беришда бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Маълумки, бундай беморларни даволаш бир умр давом этади ва барча дори-дармонлар ва даволанишнинг ўзи беморлар учун бепул. Ҳозир ЖССТ тавсия қилган сўнгги тизимга кўра, беморларга Долутегравир (Dolutegravir), Эфавиренз, болалар учун Невирапин ва бошқалар препаратлари берилади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонга оид маълумотлар 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунида эълон қилинган. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида вазият қуйидагича:

Қирғизистонда 2023 йил 1 октабр ҳолатига кўра ОИВ инфекциясига чалинганлар сони 13 036 нафарни ташкил қилган.

Қозоғистонда жорий йил май ойи ҳолатига кўра 31 минг нафар ОИВ инфекцияси аниқланган. Инфекция тарқалишининг асосий йўли жинсий йўл бўлиб, 74% ҳолатларни ташкил қилади. Шу билан бирга, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ОИТСдан ўлим даражаси ҳар 100 минг аҳолига 2018 йилдаги 1,4 дан 2022 йилда 0,9 га камайган. Сўнгги 12 йил ичида антиретровирус терапияси қамрови 19 баравар ошган, ўтган йили ОИВ мақомини билган одамларнинг 84 фоизи даволанган. ОИВ билан яшайдиган одамларнинг 87% вирусли юкга эга, яъни улар вирусни юқтира олмайди.

ОИВ инфекциясига касалланганларнинг энг юқори кўрсаткичи Ўзбекистонда. 2023 йил июнь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 48 минг кишини ташкил этади. Бундан ташқари, сўнгги беш йилда ОИВ тестлари сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки беш баробарга ошган. Керакли дори-дармонларнинг 80 фоизи давлат томонидан сотиб олинади. ОИВ инфекциясининг онадан болага ўтишини тўхтатиш мақсадида республикада ҳар йили бемор оналардан туғилган болаларга (ўртача 600 нафаргача) қуруқ сут аралашмалари берилади. Натижада, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботига кўра, болаларнинг 99,7 фоизи соғлом.

Туркманистон бўйича ОИВ билан касалланганлар ҳақида маълумот йўқ, чунки бу республикада умуман аҳоли саломатлиги ҳақидаги маълумотлар сир тутилади.