Туркманистон Марказий Осиёдаги аёллар учун энг хавфсиз давлат деб тан олинди

Туркман талабалари. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон 2023 йил учун «Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси» (Women Peace and Security Index, WPS Index) ҳисоботида 177 ўрин ичида 58-ўринни эгаллади.

Бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши натижадир. Минтақада иккинчи ўринда Қозоғистон 70-ўрин, Тожикистон 90-ўрин, Ўзбекистон 94-ўрин, Қирғизистон 95-ўринни эгаллаган.

Дунё бўйича энг яхши кўрсаткичлар Дания, Швейцария ва Швецияда (биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда), энг ёмони Афғонистонда (177-ўрин), Яманда (176) ва Марказий Африка Республикасида (175).

Россия Туркманистондан юқорироқ – 56, АҚШ – 37, Хитой – 82, Туркия – 99, Жанубий Корея – 30 (Шимолий Корея рейтингда йўқ), Эрон – 140-ўринни эгаллаган.

WPS Index тайёрлашда унинг муаллифлари учта тоифага тақсимланган 13 кўрсаткич бўйича мамлакатлардаги вазиятни ҳисобга олганлар:

👉 инклюзивлик (таълим, молиявий хизматлардан фойдаланиш, бандлик, мобил телефонлардан фойдаланиш, парламентдаги аёллар улуши);

👉 адолат (ҳуқуқий дискриминациянинг йўқлиги, адолатдан фойдаланиш имконияти, оналар ўлими, тарафкашлик);

👉 хавфсизлик (интим шерик зўравонлик даражаси, аёлларнинг жамиятда ўз хавфсизлигини идрок этиши, аёлларга нисбатан сиёсий зўравонлик, қуролли можарога яқинлик).

Ҳисобот учун маълумотлар БМТ агентликлари, Жаҳон банки, Gallup глобал сўровлари ва бошқа манбалардан тўпланган.

WPS Index муаллифлари аёллар яхши ишлаётган мамлакатлар гуллаб-яшнаётгани, тинчроқ, демократикроқ ва иқлим ўзгариши таъсирига мослашишга яхшироқ тайёр бўлишини таъкидлайдилар.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистонда аёлларга нисбатан зулм ва уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келади.

Жумладан, бу мамлакатда аёллар ва қизлар «тана мухториятидан» маҳрум этилгани, жинсий ва гендер асосидаги зўравонлик, бокиралик синовлари, мажбуран турмушга берилаётгани маълум қилинган. ЮНИCEФ ва TürkmenStat (MICS) маълумотларига кўра, 15-49 ёшли туркман аёлларининг 59 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди. Мамлакатда оилавий зўравонлик тўғрисида қонун йўқ, унинг олдини олиш механизмлари ёки миллий дастурлари мавжуд эмас.

Туркманистонда бюджет муассасалари ходимларига тирноқ ва киприкларни узайтириш, сочларни бўяш, тилла тақинчоқлар тақиш, ўз раҳбарларининг фикрига кўра, тор ёки провокацион либослар кийиш тақиқланади. Шу йилнинг январь ойида расмийлар турмушга чиқмаган аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномасини беришни тақиқлагани маълум бўлди. Шу билан бирга, Туркманистон раҳбарияти БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга республикадаги гендер тенглиги ҳақида мунтазам ҳисобот бериб боради.

ℹ️ WPS Index Жоржтаун Аёллар, Тинчлик ва Хавфсизлик Институти (GIWPS) ва Норвегия Тинчлик Тадқиқот Институти (PRIO) томонидан биргаликда тайёрланади ва нашр этилади. Ҳисобот ҳар икки йилда чоп этилади. Аввалги рейтингда Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон энг юқори – 59-ўринда, Туркманистон 60-ўринда, Ўзбекистон 74-ўринда, Тожикистон 85-ўринда, Қирғизистон 97-ўринда эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ