Эронда режиссёр Дориуш Меҳржуий ва унинг рафиқаси уйида ўлдириб кетилган

Дариуш Мехржуий ва унинг хотини Воҳиде Муҳаммадифар. AFP сайти фотосурати

83 ёшли эронлик кинорежиссёр Дориуш Меҳржуий ва унинг рафиқаси 14 октабр куни Теҳрон яқинида жойлашган Алборз вилоятидаги квартирасида ўлдириб кетилган. Бу ҳақда France24 телеканали хабар берди.

«Дастлабки тергов давомида биз Дориуш Меҳржуий ва унинг рафиқаси Воҳиде Муҳаммадифарнинг бўйнига кўплаб пичоқ зарбалари берилганини аниқладик», — дейди Алборз Адлия департаменти раҳбари Ҳусайн Фазели-Хариканди (Hossein Fazeli-Harikandi).

Қотилликнинг эртасига Etemad газетасида режиссёрнинг рафиқаси билан бўлган интервьюда унга аввалари ҳам таҳдид қилингани ва уларнинг уйи ўғирлангани айтилган. Бироқ, аёл қандай таҳдидлар бўлганига аниқлик киритмаган.

«Текширув Меҳржуийлар оиласи вилласига бировнинг ноқонуний киргани ва уйдаги ашёлар ўғирлангани бўйича ҳеч қандай шикоят қилинмаганини аниқлаган», — дейди Фазели-Хариканди.

🔹 Euronews шунингдек, сўнгги икки ҳафта ичида Воҳиде Моҳаммадифар ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар таҳдид қилганидан шикоят қилгани ва қотилликда гумон қилинганлар қўлга олингани ҳақида хабар берган.

Меҳржуий 1970 йиллардаги Эрон киносининг янги тўлқинининг кашшофи сифатида танилган. Унинг 1969 йили суратга олинган «Сигир» фильми машҳур бўлган. Миш-мишларга кўра, фильм Оятуллоҳ Ҳумайнийнинг ҳайратига сазовор бўлган ва унинг 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин кинони бутунлай тақиқламаслик қарорига таъсир қилган.

Шунингдек, Меҳржуийнинг «Сигир» билан бир қаторда «Жаноб соддалик» (1970), «Цикл» (1977), «Ижарачилар» (1987), «Ҳамун» (1990), «Сара» (1993), «Пари» (1995) ва «Лейла» (1997) фильмлари томошабин меҳрини қозонган.

1980 йилдан 1985 йилгача режиссёр Францияда яшаган ва у эрда «Рембо мамлакатига саёҳат» ҳужжатли фильми устида ишлаган. 1990 йили Меҳржуий Sony ва Toshiba технология компаниялари қуршовида қолган Эронда ажралишдан азоб чекаётган интеллектуалнинг 24 соатлик ҳаёти ва интеллектуал ташвишларини акс эттирувчи «Хамун» фильмини суратга олган.