Тожикистонда сайёҳлар сони ўсгани билан 2012 йилги даромад даражасига етмаган

Bangkokbook.ru сайти фотосурати

Маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва имтиёзларга қарамай, Тожикистондаги сайёҳлардан келадиган даромад 2012 йилдаги даражага етмаган. Бу маълумотларни «Азия-Плюс» нашри келтиради.

Таққослаш учун 2012 йил танланган, чунки кўрсаткичлар сўнгги ўн йилдаги энг юқориси бўлган: мамлакатга 244 минг турист ташриф буюриб, 286 миллион доллар даромад келтирган.

Тожикистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йили мамлакатга 1 миллион киши ташриф буюрган, бироқ туризм соҳасидаги даромад атиги 250 миллион долларни ташкил қилган.

Туризм қўмитаси Тожикистон ҳар бир сайёҳдан ўртача 200-250 доллар даромад олганини маълум қилади. Бу кўрсаткич тахминий ва қайси кўрсаткич билан ҳисоблангани маълум эмас.

«Қўшни давлатлардан келган сайёҳларнинг харажатлари кам. Аммо Европа ва Америкадан келган сайёҳлар кўпроқ пул сарфлашади. Энди улар ҳисобидан даромадни оширишга ҳаракат қиляпмиз», — дейди Тожикистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбари Камолиддин Мўминзода.

Жаҳон банки 1996 йилдан бери Тожикистонга келган сайёҳлар сонини ва 2002 йилдан буён улар келтирган даромадни ҳисоблаб келади. Шу билан бирга, маълумотлар «Туризм статистикасини ҳисоблаш бўйича халқаро тавсиялар» ни ҳисобга олган ҳолда тўпланади. Ушбу йўриқномага кўра, туристлар харажатлари миқдорига истеъмол товарлари ва хизматларни сотиб олишга сарфланган маблағлар, шунингдек ўз эҳтиёжлари учун бошқа қимматбаҳо нарсалар киради.

Жаҳон банки статистикасига кўра, бундан 15 йил аввал Тожикистон ҳар бир чет эллик сайёҳдан ўртача 73 доллар даромад олган. 2009-2010 йиллари бу кўрсаткич кескин ўсган — 800 долларгача борган. Шундай қилиб, 2010 йили Тожикистон 160 минг сайёҳдан 141,5 миллион доллар даромад олган.

Туристлар даромадининг кескин ошишига БМТ томонидан даромадни ҳисоблаш тамойили ёки методологиясининг ўзгариши сабаб бўлган.

Шу билан бирга, туризм давлат бюджети даромадларининг устувор йўналишларидан бирига айланган қўшни Ўзбекистонга 2022 йил январь-сентябрь ойларида туризм хизматларидан 1,1 миллиард доллардан ортиқ маблағ тушган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • Тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари фотосуратларда

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар