Хитой Ўзбекистонга автомобиллар етказиб беришнинг янги йўналишини ишга туширди

people.com.cn сайти фотосурати

Хитой-Марказий Осиё юк ташиш доирасида биринчи марта Хитой жанубидаги Лючжоу шаҳридан Ўзбекистонга поезд жўнаб кетди. Бу ҳақда «Женьминь Жибао» хабар берди.

261 та автомобиль ортилган поезд 30 август куни жўнаб кетган ва икки ҳафта йўл юради.

Лючжоу-Тошкент йўналиши Хитой-Европа ва Хитой-Марказий Осиё юк ташиш доирасидаги олтинчи трансчегаравий каналга айланди. Сўнгги йилларда Лючжоу жойлашган Гуанси-Чжуан автоном районининг маъмурий маркази Наннин шаҳридаги Хитой темир йўллари бошқармаси транспортни ташкил қилишни оптималлаштириш орқали қуйидаги йўналишларни очди: Наннин-Москва, Наннин-Олмаота, Лючжоу-Москва, Лючжоу -Олмаота ва Наннин- Тошкент. Ушбу каналлар орқали Гуанси-Чжуан автоном райони автомобиллар, оғир техника, озиқ-овқат ва бошқа товарларни экспорт қилади.

ℹ️ Лючжоу Хитойда автомобиль қисмларини ишлаб чиқариш ва транспорт воситалари, бутловчи қисмларни экспорт қилишнинг асосий базаси ҳисобланади. Шаҳар йилига 2,5 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарадиган миллий автомобиль саноатининг намойиш базаси ҳисобланади. Бу ерда бир нечта йирик автомобиль йиғиш заводлари жойлашган:

👉 Енгил юк машиналари, микроавтобуслар, енгил автомобиллар, двигателлар ишлаб чиқарадиган Wuling Automobile Industry;

👉 Йўлтанламас машиналар, кроссоверлар, микроавтобуслар, седанлар ишлаб чиқарадиган Dongfeng Liuzhou Motor;

👉 SAIC Motor, General Motors ва Liuzhou Wuling Motors компанияларининг қўшма корхоналари SAIC-GM-Wuling (SGMW).

👉 Liugong Machinery компаниясининг экскаваторлар, булдозерлар, грейдерлар, кранлар, юк кўтарувчи машиналар, самосваллар, йўл валиклари ва асфальт ётқизиш машиналари, майдалагичлар, бурғулаш машиналари, шакарқамиш ўриш комбайнлари ишлаб чиқарадиган машинасозлик заводи;

👉 Темир йўл техникалари ишлаб чиқарадиган Liuzhou Locomotive and Rolling Stock заводи ва бошқа соҳа корхоналари жойлашган.

ℹ️ Таъкидлаш жоиз, 29 август куни Хитой шимолидаги Хубэй провинциясидаги Чжанцзякоу шаҳридан автомобиль эҳтиёт қисмлари, маиший техника ва тўқимачилик маҳсулотлари ортилган поезд Тошкент томон йўл олди. Бу йўналиш Хитой-Европа/Марказий Осиё темир йўл юк ташиш доирасида ишга туширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ