Pamir Daily News тармоқ нашри Тожикистонда экстремистик ташкилот сифатида тан олинди ва республика ҳудудида унинг фаолияти тақиқланди. Тегишли хабар 19 июль куни мамлакат Бош прокуратурасининг расмий саҳифасида эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Олий суди Бош прокуратурасининг Pamir Daily Newsни экстремистик ташкилот деб тан олиш ва унинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги даъвоси бўйича қарорини жорий йилнинг 14 июнида чиқарган эди. Яъни, энди мазкур қарор кучга кирган.
«Фуқаролар эътиборига ушбу экстремистик ташкилот, унинг раҳбарлари ва аъзолари билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилиш ноқонуний эканлигини, уларнинг манфаатларини кўзлаб аниқ ҳаракатлар содир этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлайми»”, — дейилади Бош прокуратура хабарида.
Тожикистон Жиноят кодексига кўра, суд томонидан экстремистик деб топилган ташкилотда қатнашиш беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бош прокуратуранинг Pamir Daily News нашри устидан судга даъво қўзғатгани сабаблари айтилмаган.
Айни пайтда «Озоди» манбаси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) Pamir Daily News нашри ўз фаолиятини давом эттиришини айтди.
Таъкидлаш жоиз, тақиқланган веб-ресурс расмийлар маҳаллий аҳолига қарши мунтазам равишда ҳарбий амалиётлар ўтказаётган Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ГТБАВ) билан боғлиқ янгиликлар, шунингдек Тожикистондан ташқаридаги Помир диаспоралари ҳаёти ҳақидаги янгиликларга ихтисослашган.
«Нашримизни ноқонуний деб эълон қилиш орқали Тожикистон ҳукумати Тоғли Бадахшондаги фикр-мулоҳазаларни бутунлай йўқ қилишга уринмоқда, бу ерда улар этноцид уюштирмоқда ва помирликларни тарихий ватанларидан ташқарига сиқиб чиқаришга қаратилган ахлоқсиз, масъулиятсиз сиёсат олиб боришда давом этмоқда. Аммо бу содир бўлмайди!», — дейилади нашр муҳаррирларининг тақиқлаш қарори муносабати билан эълон қилган баёнотида.
Pamir Daily News Тожикистон ҳукумати томонидан экстремистик деб эълон қилинган биринчи интернет нашри эмас. 2020 йил март ойида Тожикистон Олий суди Прагада жойлашган «Ахбор» ахборот ресурсини мазмуни «террорчилар ва экстремистлар» манфаатларига хизмат қилади, дея таъқиқлаган.
Халқаро журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистонни сўз эркинлигини чеклаётгани, мустақил журналист ва блогерларга босим ўтказаётгани учун мунтазам равишда танқид қилиб келади.
Сўнгги бир йил ичида Тожикистонда саккиз нафар журналист ва блогер экстремистик ташкилотлар билан ҳамкорликда айбланиб, 7 йилдан 21 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.