Бишкекдан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инанди Туркияда 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ўрхан Инанди. trthaber.com сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Анқара Олий суди Бишкекнинг «Сапат» лицейлари тармоғининг собиқ директори Ўрхан Инандини «қуролли террорчи ташкилотга етакчилик қилганликда» айблаб, 21 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар беради Туркиянинг TRT телерадиокомпанияси.

Туркиянинг бошқа оммавий ахборот воситаларига кўра, прокуратура Инанди учун 22 йил қамоқ жазосини сўраган ва унга кўра, айбланувчи АҚШда жойлашган мухолиф сиёсатчи Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқадор бўлган FETO ҳаракатида Марказий Осиё минтақасига раҳбарлик қилганини тушунтирган. Эслатиб ўтамиз, расмий Анқара ушбу ташкилотни террорчи ташкилот деб билади ва уни 2016 йили давлат тўнтаришига уринишда айблаган.

Қирғизистон фуқароси Инанди 2021 йил 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси Бишкекда ўғирлаб кетилган. Бир ой давомида Қирғизистон пойтахтида унинг тақдирига ойдинлик киритишларини талаб қилиб митинглар ўтказилган.

Ўша йилнинг 5 июлида Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдоған хавфсизлик кучлари Инандини ўз мамлакатига олиб келганини маълум қилганди. Шу билан бирга, у қўлга олинган шахс FETO ташкилотининг Марказий Осиёдаги раҳбари эканини маълум қилганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор Бишкек мактабларининг собиқ директорини ҳимоя қилишган. Мисол учун, Human Rights Watchнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Хью Уильямсоннинг айтишича, Ўрхан Инандининг Қирғизистондан Туркияга ўғирлаб кетилиши «Анқаранинг қонун ва халқаро қонунларга беэътиборлик билан қарашини яна бир бор намойиш этади».

2021 йил октабрь ўрталарида Истанбул судида сўзга чиққан Ўрхан Инанди Туркия полиция бўлимида далил олиш учун қийноққа солинганидан шикоят қилган. Аниқлик киритилишича, қийноқлар натижасида судланувчининг ўнг қўли уч жойидан синган.

2021 йил охирида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Туркияга ўғирлаб кетилган Ўрхон Инанди ишида Қирғизистоннинг айби борлигини таъкидлаган. Марказий Осиё Республикаси БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларига қарши конвенциясининг 3-моддаси талабларига риоя қилмаган, унга кўра «ҳеч бир иштирокчи давлат бирон-бир шахсни унинг қийноқларга дучор бўлишига хавф бор бўлган вазиятда бошқа давлатга чиқариб юбориши, қайтариши ёки экстрадиция қилиши мумкин эмас». Инандининг йўқолишига доир Қирғизистон тегишли даражада текширув ўтказмаган.