Машҳур блогер вафотига сабаб бўлган Тошкент клиникаси лицензиядан маҳрум қилинди

Фарход Маннопов. vzglyad.uz сайти фотосурати

Зангиота туманлараро иқтисодий суди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Omad plyus компаниясига тегишли Star Med Center хусусий клиникаси лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Лицензияни бекор қилинишига Mittivine ҳазил лойиҳасини яратган ва унга раҳбарлик қилган машҳур блогер 27 ёшли Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда қатор лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани асос бўлган. Ўлимидан бир неча кун олдин, Маннопов ҳовузда сузиш пайтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Star Med Center клиникасида блогерни операция қилишган, Маннопов бу жараёнда комага тушиб қолган ва 5 март куни вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширувлар давомида марҳум Ф. Манноповга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорларда малакавий тоифа мавжуд бўлмаганлиги, бирламчи тиббий ҳужжатлар лозим даражада юритилмаганлиги, тиббий техниканинг метрологик меъёрларга мослиги бўйича даврий текширув ўтказилмаганлиги каби бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Март ойида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Манноповнинг ўлими юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» банди («Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келиши») билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида операцияни амалга оширган клиниканинг шифокорлари, анестезиолог ва Манноповнинг танишлари, жами 15 нафар шахс холис сифатида сўроқ қилинган. Дастлаб, 2013 йили Star Med Centerда ўтказилган операция вақтида яна бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Аммо тергов буни тасдиқламади ва жиноят иши Жиноят кодексининг 116-модданинг 3-қисмига ўзгартирилди. Айбдор шахслар икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини олиши мумкин.

Май ойи охирида Чилонзор тумани прокуратураси хусусий клиникалардан бирида эстетик жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этган Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Хасанованинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув ишларини бошлади.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида