Эронда ҳижобсиз аёлларни аниқлаш мақсадида видеокамералар ўрнатила бошланди

Теҳрон кафесидаги ҳижобсиз ва рўмолсиз аёллар. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона» АА

Эрон ҳукумати ҳижобда бўлмаган аёлларни аниқлаш учун жамоат жойларига видеокамералар ўрната бошлаган. Бу ҳақда маҳаллий полиция баёнотига таяниб ВВС хабар берди.

Таъкидланганидек, боши очиқ ҳолда юрган аёллар (Ислом Республикасида ҳижобда бўлиш мажбурийдир) «оқибати ҳақида огоҳлантирувчи СМС» олади.

Полициянинг фикрича, бу ҳижоб мажбурийлиги ҳақидаги қонунга қаршиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз баёнотида аёллар рўмолини «Эрон миллатининг цивилизациявий асосларидан бири» дея таърифлаган. Бундан ташқари, 8 апрель куни Эрон президенти Иброҳим Раисий эронлик аёллар «диний зарурат» учун ҳам ҳижобда бўлишлари кераклигини айтган.

Ўз навбатида, Эрон суд тизими раҳбари Ғулом Ҳусайн Моҳсени-Эжей жума куни кенг кўламли тазйиқлар аёлларни қоидаларга риоя қилишга ундашнинг энг яхши усули эмаслиги ҳақида огоҳлантиради.

«Маданий муаммоларни маданий йўллар билан ҳал қилиш керак... Бундай муаммоларни ҳибсга олиш ва қамоққа тиқиш йўли билан ҳал қилмоқчи бўлсак, харажатлар кўпаяди ва керакли самарага эга бўлмаймиз», — дейди у.

1979 йилги Ислом инқилобидан кейин, мамлакатда шариат қонунларига қатъий риоя қилина бошлаганидан сўнг, эрон аёллари ҳижобда бўлишга мажбур бўлишди. Ҳижоб қонунини бузган аёллар жаримага тортилади ёки ҳибсга олинади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил кузида Эронда кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтганди ва унда ҳижоб мажбурийлигини бекор қилиниши кераклиги намойишчиларнинг асосий талабларидан бири бўлган. Ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчилари рўмолларини оммавий равишда ёқиб юборишган. Катта шаҳарлардаги норозилик намойишлари натижасида кўплаб қизлар ва аёллар ҳижобсиз юра бошладилар, гарчи бу бош кийимлар мажбурийлиги тўғрисидаги қонун расман бекор қилинмаган бўлсада.