Эронда ўтган йилги намойишларда иштирок этган қизларнинг заҳарланиши бўйича тергов ишлари бошланди

2021 йилги намойишларда қатнашган эронлик қизлар. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат

Эронда ўтган кузда ҳукуматга қарши намойишларда қатнашган ўқувчи қизларнинг заҳарланишига доир тергов ишлари бошланди. The Guardian ўз манбасига таяниб ёзишича, фаол сиёсий позициядаги қизлардан ўч олиш мақсадида уларни заҳарлашган.

«Қум шаҳрида бир неча талаба қиз заҳарланганидан кейин шу нарса маълум бўлдики, баъзи одамлар барча мактаблар, айниқса, қизлар мактаблари ёпилишини хоҳлашмоқда», — дея Эрон Таълим вазири ўринбосари Юнес Панаҳи (Younes Panahi) сўзларидан иқтибос келтирган нашр.

Унинг қўшимча қилишича, «ўқувчи қизларни заҳарлашда қўлланилган кимёвий бирикмалар ҳарбий кимёвий моддалар бўлмаган».

Парламентнинг соғлиқни сақлаш комиссияси аъзоси доктор Ҳомаюн Самияҳ Нажафободий (Homayoun Sameyah Najafabadi) «Қум ва Боружерд каби шаҳарларда ўқувчи қизларнинг заҳарланиши атайлаб қилинган»лигини тасдиқлайди.

The Guardian нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган заҳарланишни даволашга ихтисослашган шифокор, мавжуд далилларни ҳисобга олган ҳолда, «бу заҳарланишнинг энг кўп эҳтимолий сабаби заиф фосфорорганик моддаси бўлиши мумкин»лигини айтган.

Шифокорнинг сўзларига кўра, заҳарланиш «мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги экстремистик гуруҳлар [радикал исломчилар] ёрдамида намойишчиларни қўрқитиш» мақсадида амалга оширилган.

«Улар яқинда бўлиб ўтган норозилик намойишларида фаол иштирок этган ўқувчи қизлардан ўч олишмоқчи», — дея тушунтиради шифокор.

Нашрнинг ёзишича, заҳарланиш ҳолатлари кўплаб қизларнинг мактабга бормаслигига сабаб бўлган. Қумлик ўқитувчининг айтишича, ҳозирда 250 нафар ўқувчидан атиги 50 нафари дарсга қатнамоқда. Ўтган ҳафта заҳарланган қизларнинг ота-оналари шаҳар ҳокимлиги олдида норозилик намойиши ўтказишган, бир қанча мактаблар ёпилган.

Эронда оммавий норозилик намойишлари ўтган йил сентябрь ойи ўрталарида бошланган ва деярли уч ой давом этганди. Натижада, аёллар энди, де-факто, йирик шаҳарларда мажбуран ҳижоб киймасликлари мумкин. Хавфсизлик кучлари томонидан намойишларнинг шафқатсиз бостирилиши натижасида бир неча юз киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. Ҳозирда ҳибсга олинганларнинг аксарияти озод қилинган.