Толиблар «Ислом динига зид» китобларни мусодара қилишмоқда

Қобулдаги китоб дўкони. internationalwebpost.org сайти фотосурати

«Ислом динига ва мамлакат манфаатларига зид» китоблар мусодара қилинади, деди «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Ахборот ва маданият вазирлиги масъуллари. Бу ҳақда 23 февраль куни TOLOnews телеканали хабар берди.

Таъкидланишича, нашриётлар минглаб номақбул китобларни Ахборот ва маданият вазирлигига топшира бошлаган.

«Бозорда ҳали ҳам исломга, ислом тамойилларига зид ёки дунёвийлик каби бошқа мафкураларни тарғиб қилувчи юзлаб китоблар мавжуд. Шунингдек, ёшларни бузувчи китоблар ҳам бор», — дейди вазирлик матбуот котиби, ОАВ ва нашриётларни назорат қилиш бўлими раҳбари Абдулҳақ Ҳемад (Abdulhaq Hemad).

Афғонистон нашриётлари ва китоб сотувчилари иттифоқига кўра, толиблар томонидан номақбул деб топилган китоблар чет эл қўшинлари мамлакатда бўлган 20 йил давомида четдан олиб келинган ёки мамлакатда нашр этилган.

Ташкилот Афғонистонда бундай китобларнинг нашр этилишини тўхтатиш чораларини кўришга ваъда берган.

«Биз миллий тарангликни, сиёсий муаммоларни ва мамлакатни инқирозга олиб келадиган бўлинишни кучайтирувчи китобларни бошқа нашр этмасликка ҳаракат қиламиз», — деган Афғонистон нашриётлари ва китоб сотувчилари уюшмаси раҳбари Сайид Аҳмад Саид (Sayed Ahmad Saeed).

«Биз Нашриётлар уюшмаси ҳамда Ахборот ва маданият вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ҳар қандай буюртмани бажаришга тайёрмиз. Биз ҳеч қачон [ҳозирда Толибон буни номақбул деб ҳисоблайдиган] бундай китобларни нашр қилмаганмиз—дея TOLOnewsни ишонтирди ношир Иноятуллоҳ.

2021 йил август ойида ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, толиблар Афғонистонда сўз ва маданият эркинлигини чеклаш учун турли чораларни кўришди. Ҳукмронликнинг бошида «Толибон» ўнлаб журналистларни қамоққа жўнатган. Баъзилари кейинроқ озод қилинган, бироқ айрим журналистлар ўз фаолияти, хусусан, радикалларни танқид қилгани учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).