Туркияда талончилик ва қурилиш қоидаларини бузганликда айбланиб 340 дан ортиқ киши ҳибсга олинди

aa.com.tr сайти фотосурати

Вайронкор зилзилалардан сўнг Туркия ҳукумати биноларни қуриш вақтидаги талончилик ва қоидабузарликларда айблаб 341 кишини ҳибсга олди, деб хабар берди TRT Haber.

Бош прокуратура томонидан зилзиладан жабр кўрган 11 вилоятда вайрон бўлган ёки шикастланган бинолар бўйича олиб борилган текширувлар натижасида 564 та қурилиш қоидабузарликлари аниқланиб, 160 нафар инсон қўлга олинган, 132 нафар шахсни ушлаш ёки ҳибсга олиш учун ордер берилган.

282 киши талончиликда айбланиб, улардан 181 нафари ҳибсга олинган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг сўзларига кўра, зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда қурилиш ишлари март ойида бошланади. 11 вилоятда — Адана, Адияман, Диярбакир, Газиантеп, Ҳатай, Қаҳраманмарас, Килис, Малатя, Османия, Шанлиурфа ва Элазиғда 200 мингга яқин хонадонлар қурилиши режалаштирилган.

Президент зилзила зоналарида бизнес ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш учун жами 20 миллиард турк лираси (1 миллиард доллар) миқдорида ёрдам кўрсатилишини ва кредит кафолат жамғармаси ҳажмини 250 миллиард лирадан (13,2 миллиард доллар) 350 миллиардга (18,5 миллиард доллар) оширишни маълум қилди.

«Уй-жой, иш ўринлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, тарихий ва маданий қадриятларига эга бўлган барча шаҳарларимиз тўлиқ тикланади. Янги бинолар уч ёки тўрт қаватдан баланд бўлмайди», — деб тушунтирди Эрдўғон.

Шу билан бирга, Истанбул мэри Экрем Имомоглу метрополиядаги тезкор сканерлаш усули ёрдамида қулаш хавфи энг юқори деб таснифланган уйларни бузиш ишлари бошланганини эълон қилди.

Унга кўра, Истанбулдаги 90 мингта бино хавфли ҳисобланади. Тахминан 10 000 киши истиқомат қиладиган камида 318 та уй зилзила пайтида бир пасда қулаши мумкин. Бу бинолар биринчи навбатда бузилади, хонадон эгаларига уй-жой ижараси харажатлари қопланади.

ℹ️ 6 февраль куни эрталаб Туркия ва Сурияда 7,8 магнитудали кучли зилзилалар юз берди. 20 февраль куни Хатай вилоятида яна иккита кучли — 6,4 ва 5,8 магнитудали силкинишлар юз берди. 22 феврал ҳолатига кўра, Туркияда 43556 киши, Сурияда 6747 киши зилзила қурбони бўлган. Омон қолган 114 834 киши вайроналар остидан қутқариб олинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) кўра, жабрланганларнинг умумий сони 23 миллион кишини ташкил этади. Иқтисодий зарар, дастлабки маълумотларга кўра, 20 миллиард доллардан ошган.