2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати мамлакатда аёлларга нисбатан «гендер апартеид» режимини яратмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррель журналистлар олдидаги чиқиши чоғида маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.
Толибларнинг афғон аёлларини хорижий ноҳукумат ташкилотларда (ННТ) ишлашини тақиқлаганини изоҳлар экан, Боррель бу қарор Афғонистондаги ёрдам операцияларини анча қийинлаштирганини айтди.
«Биз толибларнинг афғон аёлларига (гуманитар) ёрдамни етказиб бериш ишларига яқинлатмасликка доир аянчли қарорини муҳокама қилишда давом этамиз. Афғонистонда толиблар «гендер апартеид» режимини яратмоқда ва бу «гендер апартеид» Афғонистондаги ёрдам операцияларига сезиларли [салбий] таъсир кўрсатмоқда», — деди Боррелль.
Айни пайтда Т»олибон» ҳукуматининг иқтисодиёт вазирлиги Европа Иттифоқининг инсонпарварлик ёрдамини муҳим деб ҳисоблайди.
«Биз Европа Иттифоқидан Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этишини сўраймиз, токи бизлар мамлакатнинг иқтисодий ўзини-ўзи таъминлаш йўлида янада керакли қадамларни қўйишимиз учун», — дейди Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Латиф Назарий (Abdul Latif Nazari).
Ўтган йил декабрь ойида толиблар ҳукумати маҳаллий аёлларга хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқловчи фармон чиқарган эди. Шундан сўнг деярли барча бундай ташкилотлар афғонларнинг иштирокини талаб қиладиган дастурларини, жумладан болалар ва аёлларга ёрдам бериш билан боғлиқ лойиҳаларни қисқартирди.
Бироқ, кейинчалик бир қатор гуманитар ташкилотлар афғон аёлларини ўз лойиҳаларига қайтаришга муваффақ бўлишди. Январь ойи ўрталарида Халқаро Қутқарув Қўмитаси (IRC), Save the Children ва CARE «Толибон» ушбу тузилмалар билан ишлайдиган аёллар хавфсизлигини кафолатлаганидан сўнг, асосан, соғлиқни сақлаш ва овқатланиш соҳасидаги баъзи дастурларни қайта тиклашини эълон қилди.
Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар аёлларга нисбатан доимий равишда камситиш сиёсатини олиб борган. Масалан, 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда ўқишини ман этишди, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларга нисбатан кўплаб чекловлар жорий этилгани туфайли улар уйда ўтиришга мажбур бўлдилар, улар ишлаб пул топа олмаяптилар. Афғонистондаги Etilaatroz нашри таъкидлаганидек, натижада Афғонистонда аёллар ўртасида психологик муаммолар ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган.
Аёлларнинг камситилаётгани толиблар ҳукуматининг бугунга қадар дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаётгани сабабларидан биридир.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).