Тожикистон Роғун ГЭСи қурилиши учун Европа кредитларини жалб қилмасликка қарор қилди

РОҒУН ГЭСИ ҚУРИЛИШИ. PRESIDENT.TJ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСининг кейинги қурилиши учун Европа банкларидан кредит жалб қилишдан бош тортди. Бу ҳақда 17 февраль куни республика Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода маълум қилди, дея хабар беради «Азия-Плюс» нашри.

2020 йил ноябрь ойида Тожикистон ҳукумати Credit Suisse (Швейцария) ва Landesbank Baden-Wuerttemberg (Германия) дан мамлакат бош ГЭС қурилишини якунлаш учун 340 миллион доллар миқдорида кредит олиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. 2022 йил июль ойида ОАВда Европа инвестиция банки келажакда Роғун ГЭСининг энг йирик инвесторига айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Европа Комиссияси тегишли сўров билан банкка мурожаат қилди. Таъкидланганидек, Европа Иттифоқи «Тожикистон ва унинг қўшниларини Россия энергетикасидан мустақил қилиш» учун ҳам худди шундай қадам ташлаган.

Қаҳҳорзоданинг сўзларига кўра, айни пайтда халқаро молия институтлари ҳамда қатор фондлардан грантлар ва ўта имтиёзли кредитлар жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Қаҳҳорзода, шунингдек, сўнгги йилларда потенциал донорларнинг Роғун ГЭСи лойиҳасига муносабати ўзгаргани ва улар бу лойиҳани молиялаштиришга тайёр эканини айтган.

Жумладан, вазирнинг сўзларига кўра, Жаҳон банки (15 миллион доллар) ва Осиё инфратузилма сармоялари банки (5 миллион доллар) томонидан техник ёрдам кўрсатиш маъқулланган. Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банкидан 150 миллион доллар миқдоридаги грант элементлари билан имтиёзли кредит жалб этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилган.

Қаҳҳорзода Тожикистон Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга ошириш учун юқори имтиёзли молиялаштиришни таъминлай оладиган барча донорлар билан музокаралар олиб бораётганини таъкидлайди.

Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йилда Роғун ГЭСи қурилишига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажми 2,5 миллиард сомонийни (238,7 миллион доллар) ташкил этади. Умуман олганда, лойиҳани амалга ошириш учун камида 5 миллиард доллар керак бўлади.

Декабрь ойи охирида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парламентга йўллаган мурожаатномасида 2022 йили Роғун ГЭСи қурилиши учун 3,2 миллиард сомоний (тахминан 315 миллион доллар) ажратилаётганини қайд этган эди.

Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. Лойиҳа қуввати 3600 МВтни ташкил этади, иншоотнинг олтита агрегати йилига 13,1 миллиард киловатт/соатдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ