Афғонистонлик талаба қизлар Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўқиш имкониятини қўлга киритдилар

ЮНИСЕФ сайти фотосурати

Қозоғистон Европа Иттифоқи (ЕИ) билан биргаликда афғон қизларига мамлакат университетларида таълим олиш имконини берувчи дастурни қайтадан бошлайди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров баёнотига асосланиб Informburo хабар берди.

«Афғонистон ҳукумати ва ушбу дастурни молиялаштираётган Европа Иттифоқи билан келишувга эришилди. Яқин келажакда у [дастур] қайта тикланади», — деди Смадияров. Ушбу ўқув дастури доирасида афғон хотин-қизлари учун қанча грант ажратилганига аниқлик киритмади.

2019 йили Европа Иттифоқи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) билан қўшма пилот лойиҳа доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон университетларида ҳамда Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги махсус таълим дастурлари орқали афғон қизларини ўқитиш учун 2 миллион евро ажратди. Ўтган йил апрель ойида, БМТТД маълумотларига кўра, бир гуруҳ афғон талаба қизлари Олмаотага етиб келишган ва улар маҳаллий университетларда ўқишни давом эттириш учун тил бўйича тайёргарликдан ўтишган.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, «Толибон» * радикал ҳаракати аёллар ҳуқуқларини доимий равишда чеклай бошлади. Сентябрь ойиданоқ университет талабалари учун қоидалар ўзгартирилди: эркаклар ва аёллар алоҳида синфларда ўқий бошладилар ва толиблар тушунчасидаги шариатга мос равишга кийинган ҳолда дарсларга қатнай бошладилар.

Ўтган йил баҳорида радикаллар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда ўқишини тақиқлаб қўйишди. Декабрь ойининг иккинчи ярмида қизларнинг университетларда ўқишини тақиқловчи фармон эълон қилинди, гарчи бундан уч ой олдин Афғонистон университетларига кириш имтиҳонлари ўтказилган ва минглаб аёллар ўқишга кирган бўлсаларда. Толиблар, шунингдек, афғон аёлларига нодавлат ташкилотларда ишлашни ҳам тақиқладилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ