Тожикистонлик блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистонлик журналист ва блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда унинг укаси Абдукарим Пирмуҳаммадзода «Азия-Плюс» нашрига маълум қилган.

Унга кўра, Исмоили Сомоний туман судининг ҳукми 26 декабрь куни пойтахт тергов изоляторида чиқарилган. Абдусаттор Пирмуҳаммадзода Тожикистонда тақиқланган партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорлик қилишда айбдор деб топилган (307-модда, 3-илова, 2-қисм). Нашр суҳбатдоши суд ҳукмидан норози бўлиб, устидан юқори инстанцияга шикоят қилмоқчи эканини айтган.

«Садои Душанбе» радиосининг собиқ мухбири Абдусаттор Пирмуҳаммадзода 2020 йил 16 ноябрда нишонланадиган Президент куни билан боғлиқ видеороликни эълон қилганидан сўнг кенг танилган. Ўшанда у чорасизликдан такси ҳайдаётганини, лекин уни улкан жарималар ва йўл ҳаракати полицияси ходимларининг ҳеч қандай сабабсиз ҳайдовчилардан айб топаётганларидан ҳайратда қолганини айтган.

Шундан сўнг, Пирмуҳаммадзода YouTubeда ўзининг 40 мингга яқин обуначига эга бўлган саҳифасини очади ва ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуларни ўртага олиб чиқади.

8 июль куни 44 ёшли блогер Ваҳдат шаҳар ички ишлар бўлимига сўроққа чақирилган, шундан сўнг қариндошлари уни бошқа кўрмаган. Кейинчалик унинг ҳибсга олингани ҳақида маълумот пайдо бўлади. Аввалига Пирмуҳаммадзода милиция ходими талабларига бўйсунмаганликда гумон қилинган, кейинроқ унга экстремизмда айблов эълон қилинган.

Октябр ойи охирида «Озоди» радиоси (Россия Федерациясида хориж агенти сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) тергов изоляторидаги блогернинг сўроқ пайтида калтаклангани ва қийноқларга учрагани ҳақида шикоят қилган хатини тарқатди. Пирмуҳаммадзодага кўра, Ички ишлар вазирлиги расмийлари уни «сиёсий нафрат» ва «тақиқланган ташкилотлар ғояларини қўллаб-қувватлаш»да айблашган. Шунингдек, блогер ҳокимият ишини танқид қилиш мавжуд режимга норозилик билдириш эмаслигини айтган.

Тожикистонда журналистлар ва блогерларга қарши репрессиялар Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги ҳарбий амалиётдан кейин ҳам давом этмоқда. Сўнгги ойларда мамлакатда тўрт нафар журналист ҳибсга олинган, улардан икки нафари Абдуллоҳ Ғурбатий ва Далер Имомали суд томонидан мос равишда 7,6 ва 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ