Толиблар Қобулда Афғонистонни Қозоғистон билан чегарадош қилиб акс этган глобусни ўрнатдилар

Қобулдаги толиблар глобуси. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Кобул маъмурияти Афғонистон пойтахти кўчаларидан бирига глобуснинг ўзига хос версиясини ўрнатди. Унда жойлашган «Афғонистон Ислом Амирлиги» ** ҳудуди қўшни давлатлар ерларини эгаллаб, реал ҳажмидан сезиларли даражада ошиб кетган. Ижтимоий тармоқларда ушбу глобус сурати пайдо бўлди.

Жумладан, Ер шарининг толиблар версиясида Афғонистон Эрон ва Марказий Осиё республикаларининг бир қисмини ўз ичига қамраб олган, мамлакат Қозоғистон билан умумий чегарага эга.

Ушбу глобусда Эрон шарқий Машҳад, Зоҳидан ва Кирмон шаҳарларини «йўқотган», лекин Каспий денгизининг шарқий қирғоғини ва Грузияга чиқиш ҳудудини «қўлга киритган». Покистон пойтахт Исломободни ва жанубдаги Балужистон провинциясининг катта қисмини «йўқотган», лекин Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрига яқинлашиб олган. Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон замонавий Қозоғистон ҳудудига «кўчиб ўтган» ва уларнинг барчаси ҳудудининг ярмини йўқотган, зеро толиблар версиясида Афғонистон энди Қозоғистон билан «чегарадош» ҳисобланади. Қатар харитадан мутлоқ ғойиб бўлган. Украина 2013 йилги чегараларида мавжуд.

«Афғонистон Ислом Амирлиги» ҳудуди

Толибларнинг «Глобус»и ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини жунбушга келтирди. Шарҳловчилар уни танқид қиларкан, глобус яратувчиларини «саводсизлик ва мутлақ жаҳолат» ботқоғига ботганликда айбладилар. Бироқ, ВВСнинг форс хизматига кўра, «Толибон» вакиллари мазкур глобусдан мамнун бўлишган. Глобус ижодкори Исматулла Ҳабибийнинг тушунтиришича, «Афғонистонни харитада янада кўзга ташланиши учун» ер шари ўлчамларини ўзгартирган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ