Покистон Трансафғон темир йўли қурилишининг янги қийматини маълум қилди

railway.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган Трансафғон темир йўли қурилиши дастлаб тахмин қилинганидан деярли икки баробар қимматга тушиши мумкин. Бу ҳақда Покистоннинг Samaa нашри хабар берди.

Лойиҳанинг янги смета қиймати Покистон Сенатининг темир йўл инфратузилмаси қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

Темир йўл вазирлиги котиби Зафар Ранжанинг (Zafar Ranjha) айтишича, Трансафғон темир йўли лойиҳаси Мозори Шарифдан Пешоваргача 8,2 миллиард долларга тушади.

Ўзбекистон чегарасидан Афғонистон орқали Покистонгача бўлган темир йўл линиясини яратиш ташаббуси 2018 йили илгари сурилган эди. Илгари 5 миллиард долларга баҳоланган лойиҳага хорижлик ўйинчилар, жумладан «Россия темир йўллари» ҳам қизиқиш билдирганди.

Қурилиш ишларини 2021 йилнинг кузида бошлаш режалаштирилган эди, бироқ Афғонистонда ҳокимият алмашиши бунга йўл қўймади. «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукумат музокаралардан сўнг лойиҳага қўшилди. Жорий йил январь ойида автомобиль йўлининг дастлабки йўналишини тасдиқланди.

Йўналишни ўрганиш бўйича дала ишлари ёзда бошланган. Июль ойида Афғонистон бўйича бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев автомобиль йўлини беш йил ичида қуриш режалаштирилганини маълум қилди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши товарларни Марказий Осиё, МДҲ ва Европага етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартиради. Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 кун эмас, балки 3-5 кун давом этиши кутилмоқда, товарларни етказиб бериш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши мумкин. Шу билан бирга, прогнозларга кўра, ушбу йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.

*Россия ва кўплаб давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ