Туркиядан йўл олган илк юк поезди Эрон ва Туркманистон орқали Тошкентга етиб келди

ЎТЙ сайти фотосурати

Тошкентга Туркиядан биринчи юк поезди етиб келди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» (ЎТЙ) матбуот хизмати хабар берди.

3 декабрь куни Тошкент марказий темир йўл вокзалида поездни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси в.б. X.Xaсилов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Олган Бекар ҳамда Туркия темир йўллари вакиллари иштирок этди.

Измирдан йўлга чиққан поезд Эрон ва Туркманистон ҳудудидан ўтиб, 25 кун ичида 4500 километр масофани босиб ўтди, деб ёзади TRT Avaz. 40 вагонли поезд музлаткич ускуналари ва бошқа маиший техникаларни етказиб келди. Тез орада ушбу йўналиш бўйича Тошкентга 250 дан ортиқ вагон юк олиб келинади.

Поезднинг келиши жорий йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) президентларининг саммитида эришилган янги транспорт транзит йўлакларини яратиш ва ривожлантириш бўйича келишув натижаси бўлди.

ЎТЙ матбуот хизмати янги юк ташиш йўналиши ривожланиш учун катта имкониятларга эга бўлиб, товарларни экспорт ва импорт қилишнинг энг тез ва қулай усулига айланишини таъкидлади.

«Ушбу йўналиш ташқи савдо юкларини жаҳон ва минтақавий бозорларга ташиш учун вақт ва молиявий харажатларни сезиларли даражада камайтиришга имкон беради», — дейилади хабарда.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди