Душанбеда 15 йил давомида тўй ва дафн маросимлари учун сарфланган маблағлар ҳисоблаб чиқилди

Еastmojo.com сайти фотосурати

Сўнгги 15 йил ичида Душанбе аҳолиси 144 640 та тўй ва мотам маросимларини ўтказган, уларга 481 390 245 сомоний (тахминан 47 миллион доллар) сарфланган. Бу ҳақда 16 ноябрь куни Тожикистон пойтахти мериясидаги манбага таяниб, «Азия-плюс» хабар берди.

Манбага кўра, маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонуннинг амал қилиш даврида (2007 йил июнь ойидан бошлаб ва 2022 йил 9 ойи давомида) 14575 та суннат, 98747 та тўй, 16974 та мотам (қирқ кунлик) ва 14343 та марҳумга бағишланган тадбирлар ўтказилган.

Мазкур тадбирлар учун 40 минг бошдан ортиқ қорамол ва 7462 бош майда ҳайвонлар сўйилган.

Мамлакатда 15 йил давомида анъана ва маросимларни тартибга солишга оид қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ 902 та факт аниқланган.

Шу даврда 412 та хайрия ва 6790 та суннат тўйлари ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йил июнь ойида қабул қилинган «Тожикистонда анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун мақсади халқнинг байрам ва маросимлар учун маблағини тежашдан иборат эди. Қонун айрим тантанали тадбирларни тақиқлайди, бошқалари ўтказиш тартибини, таклиф этилган меҳмонлар сонини ва байрамларнинг давомийлигини чеклайди. Мазкур қонунни бузгани учун ҳар йили тожикистонликлар юз минглаб доллар жаримага тортилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ