Истанбулдаги теракт иши бўйича қўлга олинганлар сони маълум қилинди

Теракт содир этган шахснинг қўлга олинган пайти. «Анадолу» агентлиги фотосурати

Истанбулда 13 ноябрь куни содир бўлган теракт бўйича 46 киши қўлга олинган. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Туркия Адлия вазири Бекир Бўздағ маълум қилди, деб хабар беради «Анадолу» агентлиги.

«Ҳозирги кунга қадар содир этилган террорчилик иши бўйича 46 киши қўлга олинди», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.

Аввалроқ полиция 13 ноябрь куни Истиқлол кўчасида портловчи мослама солинган сумка ташлаб кетган аёлни қўлга олгани ҳақида хабар берганди. Гумонланувчининг исми Аҳлам Албашир, у Сурия фуқароси.

Туркия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ҳам ҳужумни содир этган шахсни йўқ қилиши керак бўлган террорчи қўлга олинганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Истанбул аҳолиси ва меҳмонлари орасида машҳур бўлган Истиқлол кўчасида портлаш маҳаллий вақт билан соат 16:20 атрофида содир бўлганди. Охирги маълумотларга кўра, 8 киши ҳалок бўлган, 81 киши яраланган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳужум уюштирганликда «Курдистон ишчи партияси»ни (КИП) айблади.

КИП Туркияда тақиқланган ташкилотдир. Гуруҳ 1984 йилдан бери Туркия ҳукуматига қарши турли воситалар билан уруш олиб боради. Аксарият курдлар яшайдиган Туркия жануби-шарқида асосан КИП жангарилари Туркия хавфсизлик кучлари ва расмийларига қарши ҳужумлар уюштиради. Ироқ ва Сурия шимолида КИПнинг базалари мавжуд бўлиб, Туркия қуролли кучлари уларга қарши ҳаво ва қуруқликдаги амалиётларни ўтказиб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ