Эронда ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этган шахсга нисбатан ўлим жазоси берилди

ЭРОНДАГИ НАМОЙИШЛАР. ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ФОТОСУРАТИ

Эрон суди Теҳрон вилоятида ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчиларидан бирига дастлабки ўлим ҳукмини чиқарди. У ҳукумат биносига ўт қўйиш, тинчликни бузиш ва миллий хавфсизликка қарши жиноят содир этишда айбдор деб топилган. Бу ҳақда Эроннинг Mizan Online агентлиги хабар берди.

Айбланувчи, шунингдек «Аллоҳнинг душмани» деб эълон қилинган. Таъкидланишича, у ҳукм устидан шикоят қилиши мумкин. Яна беш киши миллий хавфсизликка қарши жиноий тил бириктириш ва тинчликни бузишда айбланиб, беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Эронда бир ярим ойдан бери намойишлар давом этмоқда. Улар ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий вафот этгани сабабли бошланган (Ислом Республикасида барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Эрон ғарбидаги Курдистон вилоятида яшовчи Аминий 13 сентябрь куни Теҳрон полицияси томонидан ҳибсга олинганидан бир неча соат ўтиб комага тушиб қолган ва орадан кўп ўтмай вафот этган. Ҳибсга олинган гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблайди. Полиция қизнинг ўлими бахтсиз ҳодиса бўлганини таъкидлаган. Намойишлар дастлаб Аминининг она шаҳри Сакезда 17 сентябрь дафн маросимидан кейин бошланган. Кейинчалик улар Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалган.

Ўтган ҳафта Эрон депутатларининг аксарияти судяларни маҳбусларга нисбатан «қасос ҳукмини ижро этишга» чақирган. Ҳозиргача мингдан ортиқ айбловлар қўйилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, тартибсизликлар пайтида 14 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Эрон ҳукуматининг норозилик намойишларини шафқатсизларча бостириши одамларни жунбушга келтирди. Ижтимоий тармоқларда аксилҳукумат намойиш иштирокчилари турли ҳудудларидаги хавфсизлик кучлари идоралари ва базаларини ёқиб юборгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ