Тожикистон экстремал экологик зарбаларни бартараф этиш учун ресурсларга эга бўлмаган давлатлар қаторига киради. Шу боис мамлакат дунёнинг экологик хавфли «қайноқ нуқталари» рўйхатига киритилган.
Иқтисодиёт ва Тинчлик Институти 228 мамлакатни қамраб олган Атроф-муҳит таҳдидлари тўғрисидаги йиллик ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботнинг асосий мақсадларидан бири экстремал экологик зарбаларни бартараф этиш учун ресурсларга эга бўлмаган мамлакатлар ва ҳудудларни аниқлашдан иборатдир.
Ҳисобот муаллифлари 56 фоиз мамлакатлар аллақачон жиддий экологик таҳдидга дуч келган деган хулосага келишди.
Тадқиқотда умумий аҳолиси 768 миллион кишидан иборат 27 та давлат аниқланган, булар экологик ва иқлим таҳдидлари бўйича сайёранинг «қайноқ нуқталари» ҳисобланади. Улар орасида Марказий Осиёдан ягона давлат — Тожикистон ҳам бор эди.
«Қайноқ нуқталар» рўйхатига Африка ва Яқин Шарқнинг 24 давлати, Венесуэла ва Афғонистон киради.
Ҳисобот муаллифларининг фикрича, дунёнинг ушбу «қайноқ нуқталари»да аҳоли сонининг тез ўсиши, сув танқислиги хавфи ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби экологик таҳдидлар иқлим ўзгариши билан кучайиб, оммавий миграция ва можароларга сабаб бўлади.
Табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги бўйича иқтисодчи Матиас Лайтнер ва Осиё тараққиёт банкининг иқлим ўзгариши бўйича мутахассиси Мальте Маасснинг «Азия-плюс» нашри келтирган маълумотларига кўра, Тожикистон аллақачон иқлим ўзгариши таъсиридан азият чекмоқда: музликлар тобора кўпроқ эриб, кўпроқ сув оқимига олиб келади ва ва кейинчалик оқим ҳажми аста-секин камаяди.
Кескин қурғоқчилик ва ҳароратнинг ошиши билан биргаликда бу таъсирлар Тожикистон қишлоқ хўжалиги ҳамда энергетика сектори учун катта муаммолар туғдиради, чунки мамлакатда истеъмол қилинадиган электр энергиясининг катта қисми гидроэнергетикадан олинади
Бундан ташқари, йиллик «Атроф-муҳит таҳдиди ҳисоботи» иқлим ва атроф-муҳит деградациясининг можаролар, фуқаролик тартибсизликлари ва оммавий миграция хавфи юқори бўлган мамлакатларга таъсирини таҳлил қилади.