Афғонистонда кўкнори етиштириш ўтган йилга нисбатан 32 фоизга ошиб, 233 минг гектарни ташкил қилган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТНЖБ) ҳисоботида айтилади.
Асосий экин майдонлари Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида жойлашган – улар кўкнори етиштириладиган умумий майдоннинг 73 фоизини ташкил қилади ва ҳосилдорликнинг энг катта ўсиши ҳам шу ерда кузатилган. БМТ ҳисоботига кўра, Ҳилманд вилоятида экин майдонларининг бешдан бир қисми кўкнори экишга ажратилган.
«[Толибон* радикал ҳаракати] шу йилнинг апрель ойида [кўкнори] етиштиришни тақиқлаганини эълон қилганидан сўнг, афюн нархи кескин ошиб кетди. Фермерларнинг кўкнори сотишдан тушган даромади 2021 йилдаги 425 миллион доллардан 2022 йили 1,4 миллиард долларга етди, бу янги кўрсаткич 2021 йилги қишлоқ хўжалиги сектори умумий даромадининг 29 фоизига тенг. 2021 йили опиатларнинг сотиш нархи қишлоқ хўжалигидан олинган умумий даромаднинг атиги 9 фоизини ташкил қилган», — дейилади ҳисоботда.
Шу билан бирга, ҳужжатда кўкнори сотишдан тушган даромаднинг ошиши харид қобилиятига таъсир кўрсатмагани, чунки ўша даврда инфляция кескин ошгани ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 35 фоизга ошгани қайд этилган.
«БМТНЖБ Гиёҳванд моддалар мониторинги платформаси томонидан тўпланган мусодара ҳолатлари Афғонистондан ноқонуний опиат савдоси 2021 йил августидан буён узлуксиз ўсиб бораётгагини кўрсатади. Афғон опиатлари дунёдаги барча [ноқонуний] опиат бозорининг қарийб 80 фоизини таъминлайди», — дейилади бошқарма ҳисоботида.
Мутахассислар толиблар ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг Афғонистондан гиёҳванд моддалар савдоси сезиларли даражада ошади, деган хавотирни бир неча бор билдиришган, чунки қишлоқларда кўплаб афғонлар учун кўкнори етиштириш ва опий сотиш узоқ вақтдан бери асосий даромад манбаи бўлиб келган. Оғир иқтисодий вазият ва озиқ-овқат муаммоси ортиб бораётган бир пайтда, афғонларнинг наркотика бизнесига қарамлиги фақат янада кучаяди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).