Айни дамда мамлакат расмийлари томонидан ҳибсда сақланаётган тўрт журналистдан бири, тожикистонлик блогер Далер Имомали пойтахт Душанбенинг Шоҳмансур тумани суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У, шунингдек жаримага ҳам тортилган. Бу ҳақда 18 октябрь куни блогернинг яқинлари сўзларига таяниб «Азия-Плюс» хабар берди.
Қайд этилишича, Имомалининг қариндошлари ҳукмнинг бошқа тафсилотлари билан танишмаган, жумладан уларга жарима миқдори ҳам айтилмаган.
«Азия-Плюс» хабарига кўра, ҳукм бир кун аввал, 17 октябрь куни эълон қилинган. Нашр мухбирининг Имомали адвокатидан батафсилроқ маълумот олишга уринишлари муваффақиятсизликка учраган: адвокат муддат ҳақида гапирмасдан телефонда «ҳукм эълон қилинди» деб қисқача гапирган ва алоқани узган.
Адвокат ва блоггернинг яқинлари томонидан ҳукм устидан юқори инстанцияларга шикоят қилинадими ёки йўқми, ҳозирча маълум эмас.
Аввалги суд йиғилишда давлат айбловчиси Далер Имомали учун 10,5 йил қамоқ жазосини сўраган.
ℹ️ 7 октябрь куни тожикистонлик блогер Далер устидан суд бошланган. Суд Душанбедаги вақтинчалик ҳибсхонада бўлиб ўтган.
ℹ️ Имомали шу йилнинг 15 июнь куни журналист Абдулло Ғурбати (Авазмат Ғурбатов) билан биргаликда Шоҳмансур тумани ҳукуматида фуқароларни қабул қилиш ҳақида видео суратга олишга урингани учун туман прокуратураси томонидан ҳибсга олинган. Икки кундан сўнг расмийлар блогерни ноқонуний тадбиркорликда, атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш ва Тожикистонда тақиқланган «Гуруҳ 24» ташкилотига аъзоликда айблаганини эълон қилган.
ℹ️ Тақиқланган ушбу ташкилот Имомали билан ҳар қандай ҳамкорликни рад этади. Блогернинг ўзи ноқонуний тадбиркорлик айбловидан ташқари, унга қўйилган айбловларни тан олмаган.
▪️Журналист Абдулло Ғурбатий суд томонидан 7 йилу 6 ойга колонияга ҳукм қилинди. Унинг суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди ва судга деярли ҳеч ким, жумладан хотини ва онаси ҳам киритилмаган. Ғурбатининг ўзи айбини тан олмади ва унинг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилмоқчи.
▪️Бир неча кун олдин Душанбе суди Москвадан олиб келтирилган блогер Комёр Мирзоевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Тожикистонда журналистлар ва блогерларга қарши репрессиялар Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги ҳарбий амалиётдан кейин ҳам давом этмоқда.