Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия-Украина можаросида қон тўкилишини имкон қадар тезроқ тўхтатиш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда Туркия раҳбари 13 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида (ОҲИЧК) айтиб ўтди.
«Биз ҳали ҳам Украинадаги инқироз оқибатларини минтақавий ва глобал миқёсда кўриб турибмиз. Мен ҳар доим айтаман, адолатли дунёга дипломатия орқали эришиш мумкин. Урушда ғолиб бўлмайди, адолатли дунёда эса мағлуб бўлмайди. Бошқа томондан, урушнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича БМТ билан биргаликда олиб бораётган фаол ҳаракатларимиз бутун дунёда эътироф этилди. Украина ғалласини Қора денгиз орқали экспорт қилиш бўйича Истанбул келишуви ва ўтган ойдаги асирлар алмашинуви бу йўналишдаги сезиларли ютуқлардир. Бизнинг мақсадимиз барча қийинчиликларга қарамай эришилган суръатни сақлаб қолиш ва қон тўкилишини имкон қадар тезроқ тўхтатишдир», — дея Эрдўғон сўзларини келтиради Tengrinews.kz.
ОҲИЧК IV саммитида ҳам сўзга чиққан Россия президенти Владимир Путин ўз нутқида Украина билан можарони ҳечам тилга олмади (Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ҳам Тожикистон билан чегарадаги можаро ҳақида баёнот беришдан ўзини тийган). Путин саммитдаги нутқида Осиё минтақаси давлатлари жаҳон иқтисодий ўсишининг локомотиви эканлигини ва айнан шу ерда «янги куч марказлари кучайиб бораётганини» таъкидлади. У, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва Афғонистондаги вазиятга тўхталиб, «босқин йилларида етказилган зарар учун бу давлатга товон тўлаш ва ноқонуний музлатиб қўйилган афғон маблағларини эркинликка чиқариш»га чақирди.
13 октябрь куни Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити очилди. Учрашувга Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислик қилмоқда. Форумда Қозоғистон билан бир қаторда 11 давлат — Озарбайжон, Ироқ, Эрон, Қатар, Қирғизистон, Фаластин, Россия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, саммитда Вьетнам вице-президенти, Хитой Халқ Республикаси вице-президенти ва беш нафар вазир иштирок этмоқда. Беларусь саммитда кузатувчи давлат сифатида иштирок этмоқда. Саммитда жами 50 га яқин делегация қатнашмоқда.
ОҲИЧК 27 давлатдан иборат. Бугунги саммитда ассоциациянинг янги аъзоси Қувайт қабул қилинди.