Эрон хавфсизлик кучлари ғарбий Курдистон вилоятининг маъмурий маркази Санандаж шаҳрини тўсиб қўйди ва у ерда ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчиларга қарши «қирғин» уюштирди. Бу ҳақда гувоҳларга таяниб The Guardian хабар беради.
«Улар [хавфсизлик кучлари] шаҳарни ёпиб қўйишди ва одамларни озодлик учун курашгани учун қурол ва бомбалар ёрдамида қирғин қилмоқда», — деди Санандажда яшовчи намойишчилардан бири.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Эрон расмийлари интернетни блоклаб қўйган ва Ислом Республикасидан жуда кам маълумотлар олинмоқда.
Тўртинчи ҳафтадирки, мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида ҳар куни ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.
Намойишлар сентябрь ойи ўрталарида Теҳронда «номақбул» ҳижобга ўрангани боис полиция томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган 22 ёшли Маҳса Аминий (Курдистон вилоятида туғилган) ўлимидан сўнг бошланган эди. Бир неча кун ичида норозилик намойишлари Ислом Республикасининг кўплаб ҳудудлари ва мамлакатнинг барча йирик шаҳарларини қамраб олди.
Хавфсизлик кучлари кўча намойишларини ўқотар қурол ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида шафқатсизларча бостирмоқда. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, 6 октябрга келиб биргина Систон ва Балужистон (Эрон жануби-шарқида)даги намойишларни бостириш чоғида камида 82 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлган.
Норвегияда жойлашган Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилотининг хабар беришича, Эрон ҳарбий самолётлари Санандажга етиб келган, махсус кучларга тўла автобуслар бошқа минтақалардан Курдистон томон йўл олган.