Душанбеда соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид энг қадимий ўзбек тилидаги қўлёзма топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази сайтида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти аъзоси, Тожикистон Миллий университети профессори Бадриддин Мақсудовга таяниб хабар берилди.
Мақсудовнинг фикрича, бу қўлёзмани саркарда ҳақидаги энг қадимий туркий қўлёзма деб аташ мумкин.
«Ҳозиргача Амир Темур ҳақидаги энг қадимий туркий ёзма асар 1713 йилда яратилган, деб ҳисоблар эди, – деди Мақсудов.
Тожикистондан топилган қўлёзма охирида «Ражаб 1027 ҳижрий» санаси кўрсатилган бўлиб, бу 1618 йилнинг июнь-июль ойларига тўғри келади. Олимларнинг фикрича, бу нусханинг санаси ва асар матнининг ўзи бундан ҳам олдинроқ ёзилган. Мутахассисларнинг фикрича, қўлёзма Қўқонда кўчирилган ва Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си ёки Абдулла Хотифийнинг «Темурнома»си асосида яратилган бўлиши мумкин. Аниқроқ хулоса топилма тўлиқ ўрганилгандан сўнг берилади.
Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг маълум қилишича, ушбу ноёб қўлёзма нусхасини Ўзбекистонга олиб келиш ва ўзбек тарихчилари ва манба мутахассислари ёрдамида чуқур ўрганиш режалаштирилган.