Украинанинг Киев, Харьков, Днепр, Львов, Житомир ва бошқа бир қатор шаҳарлари расмийлари 10 октябрь, душанба куни портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар беришди. Ракета зарбалари натижасида муҳим инфратузилмалар шикастланган. Айрим шаҳарларда электр ва сув таъминотида узилишлари кузатилмоқда.
Воқеа жойидан олинган сурат ва видеога кўра, Киевда ракеталардан бири Володимирская кўчасидаги Хрушевский ҳайкали ёнига қулаган. Украина Хавфсизлик хизмати ушбу кўчада жойлашган ва мамлакат президентининг офиси яқин жойда жойлашган, деб таъкидлайди РИА Новости. Шунингдек, истироҳат боғи, пиёдалар кўприги ва бизнес маркази ҳам зарар кўрган. Украина Маданият вазири Александр Ткаченконинг айтишича, филармония биноси ва иккита музей ўққа тутилганидан зарар кўрган.
Киев метросининг поездлари ҳаракати тўхтатилган, барча метро станциялари бошпана сифатида ишламоқда. Ҳозиргача саккиз киши ҳалок бўлган, 24 киши яраланган.
Львов шаҳри ва Львов вилоятида энергетика объектларига ракета зарбалари уюштирилган, айрим ҳудудларда электр энергияси ўчирилган. Львов мери Андрей Садовойнинг айтишича, шаҳардаги муҳим инфратузилма объектида портлаш содир бўлган, натижада иссиқлик электр станцияси фаолияти тўхтатилган. Шаҳарнинг бир қисми электр энергиясиз қолган. Шунингдек, Полтава ва Суми вилоятларида электр ва сув таъминотида узилишлар қайд этилган.
Хмелницкий мэри шаҳар инфратузилмаси ўққа тутилганини айтади. Оқибатда электр энергияси ўзилган, сув таъминоти тўхтатилган. Зарбалардан сўнг Харьков тўлиқ электр энергиясисиз қолган. Шаҳарда, маҳаллий ҳокимият вакилларининг таъкидлашича, сув таъминоти йўқ, метро тўхтатилган.
Украина президенти Владимир Зеленский мурожаат қилиб, мамлакатга «ўнлаб ракеталар, шунингдек, Эрон «шаҳидлари» (дронлар – таҳр.) зарба берганини айтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, душманнинг иккита мақсади бор — бутун мамлакат бўйлаб энергия объектлари ва одамларни нишонга олиш, шу муносабат билан Зеленский украиналикларни бошпаналарда қолишга чақирган.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Заружнийнинг сўзларига кўра, Украинга қарши жами 75 та ракета учирилган, улардан 41 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.
Мамлакатга зарбалар Қрим кўпригида уч кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан икки кун ўтиб амалга оширилди, кўприк конструкциясининг бир қисми шикастланган. Россия расмийлари воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.